Жаҳон | 09:17 / 22.09.2019
7874
2 дақиқада ўқилади

Эрон ташқи ишлар вазирининг АҚШ бўйлаб ҳаракатланиши яна чеклаб қўйилди

Фото: РИА Новости / Илья Питалев

АҚШ ҳукумати Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифнинг Нью-Йорк бўйлаб ҳаркатланишини яна чеклаб қўйди. Бу ҳақда твиттерда унинг ўринбосари Аббос Арақчи маълум қилди.

Аввалроқ Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва унинг делегацияси, жумладан Зариф Нью-Йоркда ўтадиган БМТ Бош ассамблеяси сессиясига визалари йўқлиги сабабли бориша олмаётгани маълум қилинганди. Бироқ 19 сентябрда Эроннинг БМТдаги миссияси раҳбари Руҳоний ва Зариф Бош ассамблеяда иштирок этиш учун АҚШ визасини олишганини маълум қилган. 20 сентябрда Зариф Нью-Йоркка келган.

Арақчи 21 сентябрда Зарифнинг Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонасида интервью бераётгани суратини эълон қилган. Хона студия кўринишига келтирилган.

“Унинг АҚШ визаси студияга боришга ижозат бермагани сабабли, студия Эроннинг Нью-Йоркдаги ваколатхонасига келишига тўғри келди”, деб изоҳ қолдирган Арақчи.

Аввалроқ АҚШ Эрон иқтисодиётининг муҳим тармоқларига қарши кескин санкциялар киритганди. Июль охирида санкциялар рўйхатига Зариф ҳам киритилган. 

АҚШ Зарифнинг июлдаги ташрифи вақтида ҳам унинг Нью-Йорк бўйлаб ҳаракатланишини чеклаб қўйганди. У фақат БМТ биноси, Эроннинг ташкилотдаги ваколатхонаси, Эроннинг БМТдаги вакили қароргоҳи ва Жон Кеннеди номидаги аэропорт орасида ҳаракатлана олган.

Мавзуга оид