21:50 / 25.09.2019
3
16192

Шовот туманида икки фуқарога бир жойдан ер берилган. 4 йиллик можаро тафсилотлари

Бир фуқарога давлат томонидан ер ажратилиб, эгалик ҳуқуқи берилса-ю, кейинчалик худди шу ер бошқа фуқарога ажратилса, ернинг дастлабки эгаси эса йиллар давомида судма-суд юриб, ўз ҳуқуқини тиклаш учун беҳуда куч сарфласа, бу қонунга, қолаверса адолат мезонларига тўғри келадими? Хоразм вилояти Шовот туманида юз берган воқеаларни ўрганиш жараёнида шу саволларга жавоб излашга тўғри келди.

2015 йил 2 май куни Шовот тумани ҳокимлиги томонидан Ўткирбек Нуриддиновга «Ўзбекистон» қишлоғи ҳудудидан балиқ ҳовузи ташкил қилиш учун 500 кв.м. ички зовурдан ер ажратиш ҳақида 658/8-сонли қарор чиқарилади. Ўткирбекнинг бобоси Нуриддин ака Юсупов бу ерда балиқ етиштириб, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида яхши ният билан иш бошлайди.

«2015 йил май ойида Шовот тумани ҳокимлиги менга эски, ташландиқ захкашни ажратиб, эгалик ҳуқуқи ҳақида қарор чиқариб берди. «Ташландиқ ҳолда ётибди, обод қиламан, балиқ етиштираман», деб ўзим таклиф берганман. Ҳокимлик бу ташаббусимга пешвоз чиққан ва таклифни қабул қилганди. Аммо кейинчалик бу ишлар билан бошимга ғавғо орттириб олишимни хаёлимга ҳам келтирмагандим», - дейди Нуриддин ака.

Нуриддин ака ёз ойларида захкашни кавлатиб, кенгайтириб, чиқиндилардан тозалатади. Балиқ чавоқларини сотиб олиб, захкашга қўйиб юборди. Албатта бу ишлар учун катта миқдорда маблағ сарфлади.

Бироқ, Шовот тумани ҳокимлиги 2015 йилнинг 21 сентябрь куни бошқа бир фуқаро Мурод Норбоевга худди шу жойдан 600 кв.м. ер ажратиш тўғрисида 1557-сонли қарорни чиқарган.

«2016 йили Мурод Норбоев келиб, захкашни кўмиб, қурилиш ишларини бошлаб юборди. Бу ер менга тегишли эканини айтганимда ўзида ҳам ҳокимлик қарори борлигини билдирганди. Шунда менга ажратилган бу ер Мурод Норбоевга ҳам берилганини билиб, ҳангу-манг бўлиб қолдим», - дейди Нуриддин ака.

Шу вақтдан бери 4 йил ўтган бўлса-да, Нуриддин ака қонуний асосда ўзига тегишли бўлган ерда тадбиркорлик қилолмаяпти. Унинг арз қилмаган жойи, тақиллатмаган эшиги қолмаган. Бу вақт ичида фуқаро М.Норбоев захкашнинг бир қисмини кўмиб, қурилиш ишларини амалга оширган. Натижада, балиқ ҳовузига келадиган сув йўли ёпилган ва ҳовуз сувини тозалаб туриш учун мавжуд бўлган захкаш кўмиб юборилган. Ҳовузнинг суви қуриб, балиқ чавоқлари нобуд бўлган.

Қандай қилиб бир фуқарога ажратилган ва эгалик ҳуқуқи берилган ер бир вақтнинг ўзида бошқа фуқарога расмийлаштириб берилиши мумкин?

2017 йил ноябрь ойида Қўшкўпир тумани маъмурий суди Шовот тумани ҳокимининг М.Норбоевга нисбатан чиқарган 1557-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топди ва ер Ў.Нуриддиновга тегишли эканини тасдиқлади.

Аммо, Хоразм вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси 2018 йил 5 март кунидаги ажрими билан Қўшкўпир тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогар Н.Юсуповнинг Шовот туман ҳокимининг 1557-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини рад этиш тўғрисида янги ҳал қилув қарори чиқарган. Олий суднинг 2018 йил 29 октябрдаги ажрими билан кассация инстанциясининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган. 

Таажжубли жойи шуки, бу можарога тааллуқли бўлган энг муҳим ва асосий масала – бир фуқарога ажратилган ернинг ҳақиқатдан ҳам бошқа фуқарога ажратиб берилгани масаласини ҳеч қайси инстанция чуқур ўрганиб чиқмаган.

«Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга асосан бу муаммо юзасидан суриштирув ўтказдик. Ҳолатни жойига бориб ўргандик, соҳа мутахассисларининг бу борадаги фикрини ўрганиб, ҳуқуқшуносларнинг изоҳини олдик. Шунингдек, ер майдонларининг чегарасини ўлчаш билан шуғулланувчи ташкилот – Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Шовот тумани бўлимидан расмий маълумотнома олдик.

Унда 2015 йилда фуқаролар Ў.Нуриддинов (658/8-сонли қарор) ва М.Норбоевга (1557-сонли қарор) ажратилган ернинг бир жойда жойлашгани кўрсатилган. Бу эса ҳам мантиққа ҳам амалдаги қонун талабларига зиддир.

Қайд этиш жоизки, Шовот тумани ҳокимлиги 2015 йил сентябрь ойида фуқаро М.Норбоевга ер ажратиш ҳақидаги қарорни қабул қилаётганида тегишли идора ва ташкилотларнинг хулосаларини, хусусан бу ернинг бошқа фуқарога тегишли эмаслиги, экин экиладиган ҳудудда жойлашмагани, экология ва бошқа талабларга зид келмаслиги, муҳим объектларнинг муҳофаза ҳудудига кирмаслиги ҳақидаги хулосаларни олган.

Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Шовот тумани бўлими 2015 йил июль ойида бу ер ҳеч кимга тегишли эмаслиги ҳақидаги 421-сонли хулосани берган. Вазиятнинг ҳақиқий ҳолати ва биз олган маълумотнома билан таққослайдиган бўлсак, бу хулоса ёлғон маълумотларга асослангани, ташкилот эса бу билан ҳокимликни, ҳуқуқ-тартибот идораларини ва одил судни чалғитгани ойдинлашмоқда.

Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Шовот тумани бўлими томонидан нима учун ёлғон хулоса берилгани ва нега бир неча йиллар давомида бу факт яшириб келинганини ҳуқуқ-тартибот идоралари ўрганиб чиқиб, баҳо беради деган умиддамиз.

Бундай муаммолар қонуний йўл билан қандай ҳал қилинади? Ўрнатилган тартибга кўра, ҳокимлик томонидан ер ажратиш ва эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисидаги қарорлар прокуратура томонидан доимий тарзда мониторинг қилиниб, қонунга зид бўлган ҳолатларда протест келтирилиши лозим. Натижада, ҳокимлик ўз қарорини қонунга мувофиқлаштириши ёки бекор қилиши шарт. Биз ўрганиб чиққан ҳолатда 1557-сонли қарор бекор қилиниши ва Ў.Нуриддиновнинг қонуний манфаатлари тикланиши лозимлиги ойдинлашмоқда. Чунки айнан бир ер участкасидан бир вақтнинг икки фуқарога ажратиб берилиши мумкин эмас.

Энди можарога тааллуқли бўлган бошқа ҳолатларга тўхталиб ўтамиз.

Фуқаро М.Норбоев захкашнинг бир қисмини кўмиб, қурилиш ишларини амалга оширганини юқорида келтириб ўтдик. Аммо, бу ишларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги ҳақида тегишли ташкилотлар томонидан расман огоҳлантиришлар берилган бўлсада, негадир ҳеч ким бу қурилиш ишларини тўхтатмаган, қонунбузарликнинг олдини олмаган.

Хусусан, Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Шовот тумани инспекцияси ички захкашнинг ўзбошимчалик билан кўмиб юборилиши, унинг ҳимоя ҳудудида қурилиш ишлари олиб бориш мумкинмаслиги ҳақида расмий хат берган.

Шунингдек, «Чапқирғоқ Амударё» Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция томонидан берилган хатда ички захкашнинг ўзбошимчалик билан кўмилгани, бу эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2016 йил 27 январдаги 01-03/1-25-сонли баёни ва Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги 174-қарори билан тасдиқланган Низом талабларига зид экани, захкашнинг кўмилган ҳудудларини очдириб, бу ишни амалга оширган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.

Бундан ташқари, Шовот тумани «Нуржон Ботир» Сув истеъмолчилари уюшмасининг хатида ички зовур, қонун талабларига зид равишда, ўзбошимчалик билан кўмиб юборилгани, захкашнинг кўмилган ҳудудларини очдириб, бу ишни амалга оширган шахсларга қонунан чора кўриш сўралган.

Бу хатларда кўрсатилган қонунбузарликлар шу пайтгача нега бартараф қилинмагани бизга қоронғи. Бу ҳолатда нафақат фуқаро, балки давлат манфаатларига ҳам зиён етмоқда. Бунинг олдини олиши шарт бўлган идоралар эса ҳозирча жим.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top