Хоразм вилояти, Шовот туманида туғилган, 19 ёшли Қадамбоева Мухлиса Зафар қизи 1 апрель куни келин бўлиб тушган уйида осилган ҳолда топилди.
Хоразм вилояти прокуратураси хабарига кўра, Мухлиса Қадамбоева 1 апрель куни эрталаб келинлик уйининг молхонасидаги ёғоч тўсинга осиғлиқ ҳолда топилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, унинг ўлимига механик асфикция сабаб бўлган. Марҳум аёл 2020 йил октябрь ойида Муроджон Янгибоев билан турмуш қуриб, тумандаги Катқалъа маҳалласида истиқомат қилиб келган. Ҳозирда Шовот туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мухлиса Қадамбоеванинг ўлими ижтимоий тармоқларда кучли акс-садо берди. Бу ҳақда бир неча хабарлар ва баёнотлар тарқалди. Вазиятга имкон қадар ойдинлик киритиш мақсадида, Kun.uz мухбири унинг оила-аъзолари билан учрашиб, фикр-мулоҳазаларини эшитди. Аммо қуда тараф суриштирув якунлангунга қадар, изоҳ беришдан тийилишини маъқул кўрди.
Мухлиса Қадамбоеванинг отаси Зафар Пиров воқеа юз берган пайтда Қозоғистонда бўлган. Қизининг ўлимидан хабар топгач, зудлик билан қайтиб келган. У воқеаларга қуйидагича изоҳ берди.

«29 март куни Қозоғистонга жўнаб кетиш учун Тошкент шаҳрига йўл олдим. Ўша куни қизим аммасининг туғилган кунига бориш учун уйидагилардан рухсат сўраган, аммо рухсат бермай ишга кетишган. Кейин қизим уйдагиларини кутиб ўтиради ва ҳеч ким келмагач, эшикни қулфлаб, калитни ойнанинг олдига қўйиб, рўпарадаги аёл қўшнисидан йўлкира учун 5 минг сўм қарз олиб, уйга келади. Кейин бувиси билан аммасининг туғилган кунига боришади.
Ўша куни дадам (Зафар Пировнинг отаси – таҳр.) менга қўнғироқ қилиб, «қизинг уйга келди, уйида озгина келишмовчилик юзага келибди», деди.
Кейин қизим билан гаплашдим. Суҳбат жараёнида у бўлган воқеани менга айтиб берди. Унга «уйда жанжал юз берган бўлса, бизникида қолавер», дедим. Қизим «ота, сиз кетгандан кейин оилам ўзгарди, олдинам 1-2 марта уйда жанжал бўлди. Сизни хавотир олмасин деб айтмаган эдим. Майли, онамникида қоламан ва эртага уйга кетаман», деди.
Кейин бувиси билан туғилган кунга бориб келишади. Орадан ярим соат ўтгач, уйга «Дамас» машинаси келади. Ундан қизимнинг қайнукаси тушиб келади ва «сизни олиб кетгани дўстим билан келдим, тез чиқинг, ҳаммаси жойида бўлади, уруш бўлмайди», деган.
Ўша пайт хотиним ичкарида бўлган ва шовқин овозини эшитиб, эшик олдига борса, қизим «Дамас»га чиқаётган бўлади. Унинг эшиги очилиши билан «Дамас» орқасида ўтирган одам уни қўллари билан тортиб олади. Хотинимнинг қичқиришига қарамай, машина тезлик билан маҳалладан чиқиб кетади.
















