Иқтисодиёт | 15:00 / 26.09.2019
20071
5 дақиқада ўқилади

ҚҚС ставкасининг пасайтирилиши ва солиқ ислоҳотларига назар: ютуқлар ва муаммолар

Демак, қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтириш ҳақидаги қарор қабул қилинди. Нега президент ва ҳукумат бундай дадил ва шубҳасиз ижобий қадам ташлаганини тушуниб олиш учун, уни алоҳида бир тадбир сифатида эмас, балки шу йилнинг 1 январидан бошланган солиқ ислоҳоти контекстида кўриб чиқиш лозим.

Солиқ ислоҳоти бизнесга солиқ ва маъмурий юкламани пасайтириш, хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши ва легализацияси учун зарур бўлган шароитни яратиш масқадида мамлакатнинг солиқ тизимини тўлиғича қайта қуришни кўзлаган.

Ислоҳотларнинг илк босқичининг асосий ютуқлари қуйидагилар бўлди:

  • Меҳнатни солиққа тортишнинг тубдан қисқариши. Бу нодавлат корхоналари учун ҳал бўлган муаммо: улар ва уларнинг ишчилари бугун иш ҳақидан атиги 2та солиқни 12 фоиздан тўлашмоқда. 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат корхоналари ҳам шу тизимга ўтади.
  • Меҳнатнинг ижтимоий тақсимотини ва ҚҚС занжирининг шаклланишини ўлдирадиган айланмадан (оборотдан) олинадиган солиқлар соҳаси таъсирининг кескин қисқариши. Бошқариш осон бўлишига қарамай, айланмадан олинадиган солиқлар (ягона солиқ тўлови), Давлатнинг мақсадли жамғармаларига (ДМЖ) ажратмалар битта қийматни кўп марта солиққа тортилиши туфайли, ҚҚС узун занжирини шакллантиришга тўсқинлик қилади. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётини дунё иқтисодиётининг хом ашё базасига айлантириб қўяди. Айланмадан олинадиган солиқнинг ўрнини ҚҚС эгаллади. Бу вазифани бажариш учун жуда кўп ишлар қилинди: ДМЖга ажратмалар бекор қилинди (айланмадан 3,2 фоиз), ҚҚС тўловчилар сони йил бошидан 41 мингтага ошди (7 мингдан 48 минггача), демак, ягона солиқ тўловчилар сони ҳам пасайди.
  • Солиққа тортишнинг умумий тизимидаги корхоналарга солиқ юкламасининг кескин пасайиши. Аввал бунинг оғирлигини кўтаролмаган корхоналар солиққа тртишнинг соддалаштирилган тизимига ўтишга мажбур бўлишар ёки «соя»га ўтиб олишарди. Бунда ДМЖга мажбурий ажратмалар бекор қилинди, ягона ижтимоий тўлов, юридик шахсларнинг фойда солиғи ва мулк солиғи ставкалари пасайтирилди.

Бироқ, баъзи муаммолар ҳал қилинмасдан қолди:

  • Кўплаб соҳаларда солиққа тортишнинг умумий ва соддалаштирилган тизими орасидаги солиқ юкламаларидаги фарқ жуда юқорилигича қолмоқда. Бу фарқ корхоналарни ривожланишдан тўсмоқда, ўз даромадларини яширишга, йириклашишдан қочишга, бу билан соддалаштирилган тизимда қолишга мажбурламоқда. Умумий тизимга ўтган корхоналарнинг бир қисми соддалаштирилган тизимда бошқа корхоналар билан тенг бўлмаган шароитда қолишди. Менимча бу солиқ ислоҳотларининг бугунги кундаги асосий муаммосидир.
  • ҚҚС ҳисоб-китоби ва тўлови мураккаблигича қоляпти. Бу эса корхоналар ишини қийинлаштирмоқда, солиқдан қочишга ва коррупцияга йўл очмоқда. Бу ҚҚС тўлаш қоидалари ва жараёнининг тажрибадан ўтказилмагани, шунингдек уни қайтариб бериш механизми йўқлиги билан ҳам боғлиқ (экспорт ҳолатидан ташқари).
  • ҚҚС тўлов занжиридаги узилишлар туфайли, кўплаб солиқ тўловчилар қўшимча зарар кўрмоқда. Бу солиқ тўловининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ: қўшилган қийматни яратувчи аввалги занжир ҚҚС тўловчиси бўлмаса, кеийинги занжир қўшилган қийматдан эмас, балки умумий тушумдан солиқ тўлашига тўғри келади, бу эса унга бўлган солиқ юкламасини оширади.

Нега узилишлар юз бермоқда? Биринчидан, баъзи соҳалар ҚҚС тўловчиси эмас (маслан, қишлоқ хўжалиги), мос равишда уларнинг маҳсулотларини харид қилувчилар аввал тўланган ҚҚСни ҳисобга ололмайди ва солиқни ўзи учун ҳам, занжирнинг бошқа иштирокчилари учун ҳам тўлашга мажбур бўлади.

Иккинчидан, ҚҚСдан озод қилинган кўплаб имтиёзга эга корхоналарнинг мавжудлиги. Учинчидан, қўшилган қийматни яратувчи занжирда соддалаштирилган тизимда ишловчи корхоналарнинг борлиги. Улар тўловда мавжуд бўлган мураккабликлар туфайли, ҚҚС умумлаштирилган тизимига ўтишни хоҳлашмаяпти.

Солиқ ислоҳотларининг иккинчи босқичида бу муаммоларни ечиш ёки ечишни бошлаш зарур. Бунинг учун қабул қилинган ва муҳокама қилинаётган меъёрий актларда қуйидагилар назарда тутилган:

  • ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш, бу солиққа тортишнинг умумий ва соддалаштирилган тизимидаги корхоналар ўртасидаги солиқ юкламасидаги фарқ қисқаришига олиб келади.
  • ҚҚС бўйича бериладиган имтиёзларни имкони борича кўпроқ қисқартириш. Гап алоҳида корхоналар, соҳалар (йирик агроишлаб чиқарувчилар, импортчилар, қишлоқ хўжалиги техникасини ва автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчилар) учун мўлжалланган имтиёзларни бекор қилиш ҳақида кетмоқда.
  • Соддалаштирилган ҚҚС амалиётидан воз кечиш. У тўлақонли ҚҚС эмас ва ҳисобга олиш тизимини мураккаблаштиради.
  • ҚҚСни қайтариб бериш амалиётини жорий қилиш (нафақат экспортда, балки барча ҳолатларда).
  • ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлаш жараёнини соддалаштириш, аввало жараённи электронлаштириш ҳисобига.

Кўриб турганимиздек, ҚҚС ставкасини пасайтириш – жуда мураккаб бўлган солиқ ислоҳотини амалга оширишдаги қадамлардан биридир. Умид қиламизки, режалаштирилган қадамлар бизнес юритиш шароитини яхшилашга, тадбиркорларга ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ва хуфёна иқтисодиётни легаллаштиришга имкон беради.

Юлий Юсупов

Мавзуга оид