19:10 / 26.09.2019
0
20876

Саудия валиаҳд шаҳзодаси Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши учун жавобгар эканини тан олди

Фото : EPA/YURI KOCHETKOV

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон подшоҳликнинг Истанбулдаги консуллигида журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши билан боғлиқ воқеа учун жавобгарликни зиммасига олишини тан олди. Бу ҳақда АҚШ жамоат радиоэшиттириш хизмати PBS (Public Broadcasting Service) сайтида жойлаштирилган Frontline циклига кирувчи ҳужжатли фильм анонсида айтилган. 

Журналист Мартин Смитнинг ушбу фильми 1 октябрда эфирга узатилади.

“Бу мен хизматда бўлганимда (PBS вариантида “менинг навбатчилигимда” деб берилган) юз берган. Мен бу воқеа учун барча жавобгарликни ўз зиммамга оламан”, деб айтган Саудия Арабистонида қиролдан кейин муҳимлик бўйича иккинчи ўринни эгалловчи шаҳзода. Бироқ у Қошиқчи билан юз бераётган воқеалардан хабари бўлмаганини таъкидлаган. Шаҳзоданинг айтишича, “подшоҳликда 20 млн фуқаро ва 3 млн давлат хизматчиси бор” ва улардан ҳар бирининг ўз вазифаси бор ва нима қилаётганини билишнинг иложи йўқ. 

Шаҳзода журналистни ўлдирган “қотиллар жамоаси” Ар-Риёд ва Истанбул ўртасида подшоҳ оиласига хизмат кўрсатувчи авиапаркнинг хусусий бизнес-жетларида ҳаракатлангани ҳақидаги саволга жавобан “амалдорлар, вазирларнинг ўз вазифаси, жавобгарлик ҳудуди борлигини ва улар подшоҳлик оиласи самолётларидан фойдаланиш ҳуқуқига эгаликларини” айтган.

Журналист Смитнинг шаҳзода билан суҳбати 2018 йил декабрида Ар-Риёд яқинида ўтган электромобиллар пойгаси вақтида бўлиб ўтган.

Ар-Риёд сиёсати ҳақидаги танқидий мақолалари билан маълум бўлган Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрда Истанбулдаги консулликка ташрифи вақтида бедарак йўқолган. 20 октябрда Саудия Арабистони расмий идоралари журналист консуллик биносида жанжал вақтида ўлдирилганини маълум қилган. Жаҳон ҳамжамияти ушбу жиноятни кескин қоралаб, Ар-Риёдни очиқ-ойдин тергов ўтказишга чақирган.

Мавзу
Жамол Қошиқчининг ўлими
The Washington Post нашри учун ишлайдиган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кириб кетгач, изсиз йўқолди
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top