08:56 / 27.09.2019
0
3086

UNFPA Ўзбекистон ҳукуматига гендер статистика жорий этилишида кўмак беришга тайёрлигини билдирди 

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Нью-Йорк шаҳрида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) вакиллари билан учрашди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, учрашувда соғлом оилани шакллантириш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

UNFPA ижро этувчи директори ўринбосари Лаура Лонден сўнгги йилларда Ўзбекистонда қабул қилинган қонунлар, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида эътироф этди. 2022 йилда Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ташкил этилиши, шунингдек мамлакатда гендер статистика жорий этилишига ижобий баҳо берди. UNFPA бу масалаларда Ўзбекистон ҳукуматига кўмак беришга тайёрлигини билдирди.

Мамлакатда гендер тенгликни ҳамда оналар ва болалар муҳофазасини таъминлаш масалалари бўйича илдам ва ижобий ўзгаришлар юз бераётгани ҳисобга олиниб, Ўзбекистон делегацияси жорий йилда Найроби шаҳрида ўтказиладиган аҳолишунослик бўйича халқаро анжуманга таклиф этилди. Бундай кенг миқёсли тадбирда иштирок этиш Ўзбекистон миллий тажрибасини хорижий мамлакатларда татбиқ этиш имконини беради.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top