16:00 / 01.10.2019
0
8349

Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

Тиббиёт ходимларига нисбатан содир этиладиган тажовузларга нисбатан юридик жавобгарликни янада кучайтириш мақсадида махсус қонун лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати депутат Шуҳрат Ёқубов фикрига асосланиб хабар берди.

Фото: «Parliament.gov.uz»

Шуҳрат Ёқубовнинг тиббиёт тизими ходимлари «Адолат» социал-демократик партиясининг асосий электорати ҳисобланишини, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, Қонунчилик палатасидаги «Адолат» партияси фракциясининг асосий устувор вазифаларидан бирилигини таъкидлаган.

«Афсуски, сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан ғайриқонуний равишда тажовуз қилиниши, айрим вазиятларда ҳеч қандай айби бўлмаса-да, беморнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашишида ҳеч бир сабабсиз шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, биргина 2018 йил давомида 400га яқин ҳуқуқбузарлик содир этилган. Бу рақамлар тиббиёт ходимларини тажовузлардан ҳуқуқий муҳофаза этиш чораларини янада кучайтириш заруратини юзага келтирмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг бир гуруҳ депутатлари томонидан тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий муҳофазасини, уларга нисбатан содир этиладиган тажовузларга юридик жавобгарликни янада кучайтириш мақсадида махсус қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 1984-модда киритиш таклиф этилмоқда. Модданинг номи «Тиббиёт ходимининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш ёки унинг ҳаёти ёхуд соғлиғига тажовуз қилиш» таҳририда белгиланган. Ушбу ном ҳуқуқбузарлик мазмунини акс эттиргани учун унинг диспозициясини — «Тиббиёт ходимининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик, унга фаол қаршилик кўрсатиш, уятли сўзлар билан сўкиш, ҳақорат қилиш, уриш, дўппослаш, қийнаш ёки унинг ҳаёти ёхуд соғлиғига тажовуз қилувчи ҳаракатларни содир этиш» таҳририда баён этиш орқали тажовуз ҳаракатлари кенгроқ ёритилмоқда.

Модданинг санкцияси, яъни жазо белгиланган қисми қуйидагича баён этилган: «энг кам иш ҳақининг икки бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

Бу норманинг қонунга киритилишидан кўзланган асосий мақсад фуқароларни жавобгарликка тортиш эмас, балки шундай ноқонуний ҳаракатлар учун жазо чораси борлигини эслатишдир. Энг устувор мақсад эса салбий ҳолатларнинг профилактикасидир. Бундай чорани қонунга киритиш, уни кенг тарғиб этиш орқали қонуннинг тарбиявий аҳамияти ортади», дейди Шуҳрат Ёқубов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top