11:50 / 03.10.2019
0
15886

Биринчи бўлимдаги ёмон туш ва Суареснинг дубли. «Барса» «Интер»дан ғалабани тортиб олди

Вальверде жамоаси мағлубиятга яқин эди, аммо «Камп Ноу» сеҳри яна бир бор каталонияликларга ёрдам берди (2:1).

Чемпионлар лигаси. 2-тур, F гуруҳи
«Барселона» (Испания) — «Интер» (Италия) — 2:1 (0:1)
Голлар: Мартинес, 3 (0:1). Суарес, 58 (1:1). Суарес, 84 (2:1).
«Барселона»: тер Штеген, Сержи Роберто, Пике, Лангле, Семеду, де Йонг, Бускетс (Видаль, 53), Артур, Месси, Суарес, Гризманн (Дембеле, 66).
«Интер» (Милан): Ханданович, Годин, де Фрай, Шкриньяр, Кандрева (Д`Амброзио, 71), Барелла, Брозович, Сенси (Политано, 79), Асамоа, Мартинес, Санчес (Гальярдини, 66).
Огоҳлантиришлар: Барелла, 6. Гризманн, 9. Пике, 22. Сержи Роберто, 52. Видаль, 76.
Ҳакам: Скомина (Словения).
2 октябрь. Барселона. «Камп Ноу» стадиони.

Вальверде янги нарса ўйлаб тополмади
«Барселона»нинг «Интер»га қарши ўйиндан олдинги бор тактикаси битта жиҳат билан боғлиқ эди: Месси жароҳатидан тузалиб, сафга қайта оладими ёки йўқ. Каталонияликлар ўз етакчиси ёрдамисиз ички чемпионатда олтинчи ўринда боришмоқда ва усиз ўз ўйинларини йўлга қўя олишмаяпти. Вальверденинг бахтига, сардор жароҳатини даволашга улгурди ва сафга қайтиб, ўйинни илк дақиқаларданоқ майдонда бошлайдиган бўлди. Ўйин заявкасидан ҳатто Дембеленинг ҳам номи ўрин олди, шу билан биргаликда чап қанот ҳимоясининг икки вакили рўйхатда йўқ эди: Фирпо ҳам, Альба ҳам жароҳатда, мураббий чап қанотга ўнг қанот ҳимоячиси Семедуни қўйишга мажбур бўлди. Бу тажрибадан ўтмаган вариант эди, аммо мураббийда бошқа йўл қолмаганди. Шу билан биргаликда, Вальверде ихтиёрида кучли яримҳимоя чизиғи (Бускетс-де Йонг-Артур) ва кучли ҳужум учлиги (Суарес, Гризманн ва Месси) бор эди.

«Интер» «Камп Ноу»га жанговар ҳолатда етиб келганди, таркиб тўлиқ жанговар ҳолатда бўлиши учун биргина Лукаку етишмасди, у ўйин арафасида жароҳат олди. Лекин бошланғич таркибдан ўз вақтида «Барселона»га сиғмаган Алексис Санчес жой олди. Чилилик футболчи ҳамиша ўзига бу жамоадан жой топилмаганини адолатсизлик деб ҳисоблаб келган, клуб ундан Неймарни афзал кўрганди. Аммо вақт шуни кўрсатдики, бразилиялик юлдузга ишонмаслик керак эди, буниси эса Санчесга янада аламли: клуб у каби меҳнаткаш футболчи ўрнига доимо бир ҳунар кўрсатиб юрадиган футболчига ишонч билдирганди. Энди Алексис «Камп Ноу»да ўзини кўрсатишни истарди.

Мезбонлар дарвозасига тезкор гол
Бу мавсумда «Барселона»нинг ўйини жуда оддий бўлганидан ўйин қандай кечишини ҳакам ҳуштаги чалинишидан ҳам олдин айтиш мумкин эди. Кўк-анорранглилар ҳимоячилари тўпни бир-бирларига жуда секин узатишар ва олдинги чизиқдагилар бўш ҳудудларга очила олишмасди. Бундай ҳолатда майдон эгалари тезкор гол уришига умид қилиб бўлмасди. «Интер» эса ташаббусни ўйин бошиданоқ қўлга олди ва ўйиннинг 120-сониясидаёқ ҳисоб очилди. «Хетафе» билан ўйинда аҳмоқона қўполлиги учун майдондан четлатилган ва ўтган дам олиш кунларида «Вильярреал»га қарши ўйинда майдонга тушмаган Лангле рақиб осонлик билан ўзидан ўтиб кетишига йўл қўйди. Санчес бир ҳаракат билан Мартинесни олдинга ташлади, Лангле аргентиналик ҳужумчи билан тўп учун курашни бой берди ва ҳужумчи деярли қаршиликсиз тер Штеген дарвозасининг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.

«Интер» устунлик қилди

Миланликлар жамоаси каталонларни барча жабҳаларда ортда қолдиришди. Кўк-анорранглилар тўпни ўзларига бўйсундира олмай дам-бадам уни йўқотиш билан банд бўлган маҳал «Интер» тезкор пас орқали осонлик билан ҳужумга ўтиб кетар, меҳмон жамоа ҳимоячилари ўз ҳудудларида рақиб ҳужумчилари билан сичқон-мушук ўйини ўйнашдан чўчимасди. «Барселона» прессинг қилишни эплай олмади, итальянлар осонгина қарши ҳужумлар уюштиришди.

Ҳимоячилар ва Бускетснинг доимий хатолари натижасида Лаутаро яна бир гол уриши керак эди, аммо у негадир зарба бериш ўрнига товони билан манзилсиз пас беришга қарор қилди. Биринчи бўлим давомида секин ҳаракатланган ҳимоячилар туфайли тер Штеген бир неча марта ўзини кўрсатишга мажбур бўлди.

Стадионга йиғилган мухлислар кўзларига ишонишмасди: «Интер» «Барса»ни нафақат таблодаги ҳисоб бўйича енгарди, балки бу ғалаба каталонларга хос бўлган услубда, тўпга эгалик қилиш билан, осонлик ва қаршиликсиз қозониларди. Худдики жамоалар либосларини алмаштириб олишгандек эди: каталонлар жуда секин ва судралиб ҳаракатланишар, итальянлардан тўпни олиб қўйишнинг имкони бўлмасди. «Интер» ўз дарвозаси яқинидан қийинчиликсиз ҳужум бошлаб рақиб ҳудудига етиб борар, дарвозабондан бошланган одатий ҳужум ўртача йигирма пасдан кейин хавфли зарба бериш билан якунланар, «Барселона» ҳимоячилари эса бунга қарши ҳеч нарса ўйлаб топа олишмасди. Кўриниб турибдики, Конте миланликлар жамоаси билан икки ойдан бери ишлаётган бўлса-да янги жамоа қуришга эришган, Вальверде эса икки ярим йилдан буён янги «Барселона»ни қуришга эришмаган. Мураббий зарар келтирмаслик учун ҳеч нарсага тегмасликка ҳаракат қилмоқда, аммо кундан кунга ҳолат ёмонлашиб бормоқда.

«Барселона» танаффусдан кейин уйғонди

Танаффусда Вальверде шогирдларига нима дегани номаълум, аммо кўк-анорранглилар ўйиннинг иккинчи қисмида тезроқ югура бошлашди. Аввалига бу натижа келтиравермади. «Барса» интенсивликни оширди, лекин натижадорликни эмас. Мураббий иккинчи бўлимда ҳам ўзгармаган Бускетсни ўйиндан олиб, Видални майдонга ташлади. Чилилик футболчи таянч яримҳимоячи ўрнига туширилган бўлса-да, жамоаси ҳудудида эмас, рақиб таянч яримҳимояси ҳудудида ҳаракат қила бошлади.

У бу ердан туриб рақибдан тўп олиб қўйиш ҳамда жамоаси ҳужумини бошлаб бериш билан шуғулланишга киришди, ўзи ҳам «Интер» дарвозаси томон таҳдид солиб турди. «Барса» энди ишончлироқ ҳаракат қила бошлади, гол ҳам Видалнинг саъй-ҳаракатлари эвазига юзага келди. Итальянлар эса бу вақтга келиб бироз толиққан ва ҳужумларни камайтириб, ҳимояга ёта бошлаганди. Суарес ўзига хос ностандарт ҳаракат билан узоқ масофадан кучли зарба йўллади.

«Барселона» иккинчи голни ҳам уришга роса тиришди, аммо иккинчи голни ҳам тезда уришнинг имкони бўлмади. Фақат ўйин охирида, «Интер» футболчилари жуда толиққан маҳалда улар Мессига қаршилик кўрсата олишмади, Лионель бир неча рақибни алдаб, голли узатма берди. Биринчи бўлимда деярли сезилмаган Суарес дублни расмийлаштирди.

«Интер»га «Барселона»ни биринчи бўлимдаёқ узил-кесил таслим қилиш учун тажриба ва омад етишмади, қолаверса майдон эгалари тер Штегеннинг маҳорати туфайли ғалабага эришишди, иккинчи бўлимда эса Суарес ва Месси класс эвазига жамоа ғалабасини таъминлашди. Германиялик дарвозабон «Интер»га икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олишга имкон бермаган бўлса, Суарес иккита гол урди, Месси — бу Месси, айнан у ўнлаб муваффақиятли алдаб ўтишларни амалга оширди, финтлари билан рақиб футболчиларини ҳолдан тойдирди, у биринчи голда голли пас муаллифи бўлган Артурни тўп билан таъминлаганди, иккинчи голда эса ўзи голли узатма муаллифи бўлди. Лео бор экан «Барса» яшашда давом этади.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top