«Милан» — «Интер» 1:2
Голлар: Томори (80) — Ачерби (18), Тюрам (49).
«Милан» – Менян, Калабрия, Томори, Габбия, Эрнандес, Лофтус-Чик (Чуквуэзе, 68), Пулишич, Адли (Бинносир, 68), Рейндерс (Жиру, 52), Муса (Окафор, 77), Леау.
«Интер» – Зоммер, Дармиан (Думфрис, 84), Ачерби, Павар, Бастони, Димарко (Карлос Аугусто, 78), Мхитарян, Чалхонўғли (Аслани, 84), Барелла (Фраттези, 77), Тюрам, Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Барелла (22), Мартинес (32), Эрнандес (36), Габбиа (90), Томори (90+2).
Четлатишлар: Эрнандес (90+4), Думфрис (90+4), Калабрия (90+7).
Ўзининг азалий рақибига қарши ўйинда 20-скудеттосини қўлга киритиш ва эмблемасида иккинчи юлдузга эга бўлиш — ажойиб мақсад. Якшанба кунги ўйин олдидан нерадзурриларнинг икки мингдан ортиқ мухлиси «Интер» базасига ташриф буюриши футболчиларни янада руҳлантирди.
«Сан-Сиро»да ҳам улар фаолроқ қўллаб-қувватлаб, ўша иккинчи юлдуз шиша шарда акс этган баннерни кўтаришди, унда шундай ёзувлар битилганди: «Бизнинг қисматимиз — сизнинг даҳшатли тушингиз». Улар рақибларнинг йигирма титулдан фақат 19 таси майдонда ўйнаб қўлга киритилгани ҳақидаги арифметикасига тупуришади. Миланнинг қизил-қора қисмидагилар (худди Туриндагилар каби) «Моджигейт»ни эслатиб туришади, ўша иш туфайли «Ювентус» В серияга тушириб юборилган, скудетто-2006 эса ўша мавсумда иккинчи ўринни эгаллаган «Интер»га берилганди.
Бу дерби Стефано Пиоли учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга эди, у мавсум якунида истеъфога чиқарилиши ҳал қилиб бўлинган. Гарчи мураббийнинг ўзи келгусида ҳам «Милан»га кўп нарса бера олиши мумкинлигига ишонтираётган бўлса-да. Қолаверса, бу қаторасига бешта дерби бой берилганидан кейин «Интер»дан ўзига хос қасос олиш учун имконият эди.
«Биз яна бир дербини бой беришни истамаймиз. Улар скудеттога муносиб, аммо биз бу бугун рўй бермаслиги учун барча ишни қилишимиз керак», — деганди Пиоли. Аммо гап бошқа, амал — бошқа. Кадрлар муаммоси, классик марказий ҳужумчисиз ўйнаш қарори амалда россонериларни бутун ўйин давомида тишсиз қилиб қўйди — фақат ўйин сўнггидаги икки муштлашув ва уч четлатишни инобатга олмаганда.
Индзаги эса таркибда янги нарса ўйлаб топмади. У жамоаси шусиз ҳам кучлироқ эканини билиб турарди. Мухлислар голни узоқ кутишмади. 18-дақиқада тўп бурчакдан узатиб берилди, Павар тўпни янада орқароққа ўтказиб юборди ва дарвоза қаршисида бўш қолдирилган 36 ёшли ҳимоячи Ачерби осонлик билан ҳисобни очди.
Ҳайратланарли, аммо ушбу тажрибали футболчи фаолияти давомида кўплаб клубларда, жумладан «Милан»да ҳам ўйнаганига қарамай бирор марта Италия чемпиони бўлмаганди. Айнан Франческо чемпионлик ўйинида гол ургани рамзий аҳамиятга эга бўлди. У Симоне Индзаги билан «Лацио»да бирга ишлаган ва унинг ортидан «Интер»га келиб, чемпион жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланганди. Футболчи ва мураббий биргаликда катта йўлни босиб ўтишди. «Лацио»да кубок турниридаги ғалабадан Чемпионлар лигаси финали ва улар учун узоқ кутилган скудеттогача. Ачерби учун бу биринчиси. Индзаги учун — мураббий сифатидаги биринчиси, у охирги марта 24 йил олдинда «Лацио» футболчиси сифатида чемпион бўлганди.










