16:20 / 03.10.2019
0
7321

«Сайловда номзоднинг сурати ва қуруқ биографияси берилиши собиқ иттифоқ меросидир» – «Миллий тикланиш» газетаси

Фото: Халқаро пресс-клуб

Бугун, 3 октябрь куни, «Пойтахт» бизнес марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ташаббуси билан «Ўзбекистоннинг янгиланган сайлов қонунчилиги – демократик сайловлар ўтказишнинг асоси» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Анжуманда спикерлар томонидан республика сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сайловни қандай қилиб шаффоф, халқаро стандартларга мувофиқ ўтказиш бўйича маърузалар тингланди. Йиғилишнинг иккинчи йўналиши «Сайлов кодекси – сайлов очиқлигини таъминлашнинг кафолати» мавзусида ўтказилиб, унда сайловни ёритишда ОАВнинг иштироки, ёритишда ахборот қонунчилиги, журналист этикасига риоя қилиш масалалари муҳокама этилди. Давра суҳбатида «Адолат», «Ўзбекистон овози», «XXI аср» газеталари вакиллари сайловни қай тарзда ёритиш бўйича ўз режаларини гапириб ўтишди. Жумладан, «Миллий тикланиш» газетаси бош муҳаррир ўринбосари ушбу мавзу юзасидан ўз мулоҳазаларини баён этди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Ҳозир сиёсий партия нашрлари сайлов жараёнларида унчалик кўзга ташланмаяпти, деган фикр билдирилди. Бунга сабаб 4та партия газеталари ҳафтада бир марта чиқади. Демак, улар ахборот характерига эга эмас. Бундай вазиятда газета сайтига кўпроқ таянмоқдамиз. Кунига 10-15 минг фойдаланувчи ташриф буюришади. Фикримча, партия нашрлари ўзларининг электрон майдончаларига (веб-сайт) ҳам аҳамият бериши зарур. Ҳафталик газеталарда эса кўпроқ танқидий-таҳлилий материаллар бериб бориш мақсадга мувофиқ бўларди. Ташвиқот вақтида газеталарда эски қолип бор: номзоднинг расмий фотосурати ва таржимаи ҳоли ҳақида маълумот. Сайловчиларга бошқа қўшимча ахборотлар берилмайди. Бу қолипни синдириш керак, бу собиқ иттифоқ давридан мерос бўлиб ўтиб келяпти. Жорий йилги сайловда ташвиқотни бошқача йўсинда олиб боришни режалаштирганмиз. Бунда номзоднинг ва партиянинг сайловоди платформаси тарғиботига алоҳида урғу берамиз», дейди у.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Давра суҳбати модератори, Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзодхон Қудратхўжаев ОАВда сайловларни ёритишда журналистика этикасига қатъий риоя қилиниши зарурлигини таъкидлади.

«Номзоднинг сиёсий фаолиятидаги камчиликларни истаганча танқид қилиш мумкин, аммо у шахснинг ўзига қаратилмаслиги лозим. Партиялар ўртасида соғлом кураш кетиши, ҳақоратга айланмаслиги керак»,  дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top