Шу кунларда интернетда бир-биридан кескин ёзилган хабарлар, ҳукуматимиз, давлатимиз, айниқса соғлиқни сақлаш тизимига ёғдирилган аёвсиз айбловлар, салбий муносабатлар-у эътирозлар, очиқдан очиқ ҳақоратларни (бу рўйхатни кўп давом эттириши мумкин!) кўздан кечириб, ёқа ушлайсан киши.
Ҳатто баъзида эҳтиросга берилиб, бу эътирозларга ишонгинг ёки беихтиёр «ёқди» тугмасини босиб, мақола муаллифига азбаройи ҳамдардлигингни кўрсатгинг ҳам келади. Чунки айтилаётган гапларда, қанчалик бўрттирилган бўлмасин, озми-кўпми ҳақиқат бор ва бу ҳақиқатлар тизимдаги муаммоларни ифода этади.
Ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни таҳлил этиш асносида бир ҳолатга гувоҳ бўлдик. Кимки ўз ҳақиқатини очиқчасига ва баралла айтиб, бу орқали мутасадди раҳбарларни «жойига қўйиб», сўз билан аёвсиз «савалаган» бўлса, кўп ҳолларда ахборот майдонининг тўри вазият барқарорлашгунча ўша «қаҳрамон»ники бўлиб турибди. Мисолни бугунги кундан келтирамиз. Айни пайтда жамоатчилик, блогерлар ва баъзи оммавий оммавий ахборот воситаларининг бутун диққат-эътибори тиббиёт соҳаси вакиллари ҳамда уларнинг раҳбарларига қаратилган.
Тўғри, кечагина беморларни соғайтириб, уларни гулдасталар билан уйига кузатган, «хавотирга ўрин йўқ, эртага ҳаммаси яхши бўлиши учун тиббиётимиз тайёр» деб халқни ишонтирган мутасаддиларни ҳозир оқлаш нотўғридир. Чунки мамлакатимизда касалланиш даражаси аввалгига нисбатан 4 баробар кўпайди. Экранлар орқали номини эшитганимиз лаънати вирус энди қўшнимиз, қариндошимиз, ҳатто хонадонимизгача етиб келиб улгурди. Ҳатто кўпчилигимиз унинг иситмаси-ю йўталини танамизда ҳис қилдик.
Лекин пандемия билан боғлиқ вазият тиббиёт имкониятларини Ўзбекистондагина эмас, бутун дунёда деярли йўққа чиқараётганини кўриб-билиб турибмиз. Ахир миттигина зарра манаман деган давлатларни ҳам тиз чўктириб қўйди. Жаҳон ўнталигида энг ривожланган деб эътироф этилган ўша Америка бугунгача 130 мингдан ошиқ қурбон берди. Бу борада халқини қонун билан бўйсундирган давлат фуқароларини оддийгина ниқоб тақиш, ўзини яккалаш тадбирларига жалб этолмаётгани ҳам бор гап. Дунё эса инновациялар юрти бўлган АҚШдан касалнинг тарқалишида Хитойни айблагандан кўра, унинг олдини олиш борасида ташаббуслар кутмоқда.
Ҳатто Нобель мукофоти лауреатлари ҳам бугун безовта. Улар ҳам изланишда. 17 нафар нуфузли мукофот совриндори бирлашиб, 100га яқин дунё сиёсатчилари иштирокида пандемиянинг олдини олиш бўйича мурожаатнома қабул қилишди, тажрибалар ўтказиб, коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқилаётганини билдиришди. Мўъжизавий дори тайёр бўлишининг тахминий вақти 18 ой ёки ундан камни ташкил этишини маълум қилишди. Мана, ниҳоят даво топилди, деган баъзида ёлғон, баъзида ҳақиқатга яқин хабарлар ОАВда тўлиб-тошди…
Таҳлилчилар эса постсовет давлатлари нега COVID-19 билан курашда қийинчиликка дуч келаётганини таҳлил этишга уриниб, миллий ҳукуматлар пандемиянинг кўлами ва хавфлилиги борасида ўз вақтида вазиятни тўғри баҳолай олмаган, деган хулосани айтмоқда. Вирусга қарши курашнинг дастлабки босқичида постсовет давлатларида кам маблағ сарфлангани, бу ЖССТ томонидан тавсия этилган миқдордан 2-4 баробар камлиги, мазкур мамлакатларда тиббиёт ходимлари 2-3 баробар етишмаслиги, соҳа инфратузилмасини ташкил этишдаги муаммолар ва энг ёмони, миллий тиббиёт тизимининг узоқ вақт мобайнида етарлича молиялаштирилмагани бугунги муаммоларимизнинг сабаби, деб қайд этилмоқда.














