Айни пайтда жаҳон оммавий ахборот воситаларида коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш, айниқса, ишлаб чиқариш жараёнларини барқарорлаштириш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири эканига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Мамлакат президенти ҳам миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш, мулк шаклидан қатъи назар, ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусий секторнинг мустаҳкам оёққа туриб олиши учун имтиёзли кредитлар, қўшимча преференциялар ажратиш лозимлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Бу жараёнда хорижий ишбилармонларни қўллаб-қувватлашга ҳам ҳукуматимиз томонидан бирламчи эътибор қаратилаётир. Шуни қайд этиш лозимки, пандемиядан кейин миллий иқтисодиётимизни жонлантиришда эркин иқтисодий зона(ЭИЗ)ларнинг аҳамияти беқиёс.
Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида бўлиб, ЭИЗлар учун алоҳида агентлик ташкил этиш лозим, деган фикрни билдирди.
– “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида Марказий Осиёда рақобатчиси бўлмаган учта йирик корхона – “Sofitel”, “EcoClimat” ва “Minyuan Silu Industry” қўшма корхоналари фаолияти билан танишиб, улар фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммоларни атрофлича ўргандик, – дейди А.Қодиров. – Маълум бўлишича, “Minyuan Silu Industry” газ таъминотидаги тартибсизлик ва электр узилишлари натижасида уч кунда 600 минг доллар миқдорида зарар кўрган. Газ босимининг аҳоли учун одатийдек туюлган пасайиши эса маҳсулот сифатига кескин таъсир қилган. Корхона ташкил этилибдики, жамоа ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича қуруқ ваъдалар эшитади, холос.
“EcoClimat” стекловата ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона. Унинг маҳсулотига ҳам талаб жуда юқори. Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, энергия ишлаб чиқарувчилар энергияни корхона “остонасига”ча келтириб беришлари шартлиги белгиланган. Аммо ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун зарур бўлган юқори вольтли электр таъминоти кабелини тортиш масаласи бир йилдан бери ҳал этилмаяпти.
“Sofitel” қўшма корхонаси эса ноёб маҳсулот ишлаб чиқариши билан харидор эътиборига тушган. Бироқ Давлат стандартлаштириш маркази томонидан мувофиқлик сертификати берилмагани учун корхона ўз маҳсулотини таъсисчиси – хитойлик фирмага ўз таннархида сотишга мажбур бўлаяпти. Чунки сертификат бўлмагани учун ушбу корхона ўз маҳсулотини таъсисчидан бошқа бирон-бир ташкилотга сотолмайди.
Хуллас, эркин иқтисодий зоналар фаолияти билан боғлиқ муаммолар билан тизимли тарзда шуғулланадиган алоҳида идора ташкил этишни бугунги реал вазият тақозо этмоқда. Бундай муҳим масалани иккиламчи даражали масалага айлантириш эса ҳозирнинг ўзидаёқ қимматга тушаяпти.














