Жамият | 19:00 / 08.10.2019
9246
3 дақиқада ўқилади

Қўшинларда ҳарбий техникаларни қишки мавсумда фойдаланишга ҳозирлаш ишлари бошланди

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шимоли-ғарбий ҳарбий округда энг масъулиятли тадбирлардан бири – қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишлари бошланди. Ушбу комплекс тадбирлар ҳарбий техникаларни юқори жанговар шайлик даражасида ушлаб туриш ҳамда об-ҳавонинг совуқ шароитида созлигини таъминлаш учун ўтказилади.

Бугун, 8 октябрь куни Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни ёзги шароитдан қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш бўйича кўргазмали машғулот ташкил этилди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Машғулотда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Дилшод Чориев, округ қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

«Ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларнинг жанговар шайлигини таъминлашда уларга кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти катта. Ҳар бир командир, ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига бириктирилган қурол-яроғ ва ҳарбий техниканинг соз ва шайлиги учун масъулдир», – деди Дилшод Чориев.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, округ қўшинлари қўмондони машғулотлар давомида ҳарбий техникаларни соз ва шай ҳолатда асрашда кўрсатилаётган техник хизматларнинг аҳамияти ҳақида ҳам ҳарбий хизматчиларга айтиб ўтди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

«Кўргазмали машғулотни ташкил этиш учун ҳарбий қисмнинг ҳарбий техникаларни сақлаш паркида ўнлаб ўқув нуқталари ташкил этилди. У ерда жанговар машина, танк, зирҳли транспортёр, махсус техника, транспорт ва алоқа воситаларни қишки шароитда фойдаланиш режимига ўтказиш ишларининг аҳамияти, техника хавфсизлиги қоидалари, ташкил этилган постларда самарали ва сифатли иш олиб бориш, қурол-яроғ ва техникани об-ҳавонинг паст ҳарорати ҳамда ёғин-сочинли шароитларда ишлатиш қоидалари бўйича мутахассислар томонидан йўриқнома берилди. 

Мазкур тадбирларни бажаришда технологик хариталарга кўра ҳарбий қисмлардаги техникаларда совутиш суюқликлари алмаштирилади, ҳар бир жанговар машина агрегат ва тугунлари текширилади, фильтрларни тозалаш ва алмаштириш ишлари ўтказилади, ёқилғи-мойлаш ашёлари янгисига алмаштирилади, электр ва алоқа жиҳозларининг созлиги назоратдан ўтказилади», дейилади Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати хабарида.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинларида қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларни мавсумий фойдаланиш режимларига ўтказиш йилига икки марта – баҳор ва кузда ташкил этилади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир режасига кўра октябрь ойининг охиригача Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларидаги мавжуд қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникаларнинг барчаси қишки мавсумда фойдаланиш учун шай ҳолатга келтирилади.

Мавзуга оид