17:30 / 08.10.2019
1
19723

Шароф Рашидов туманида режани ортиғи билан бажарган фермерга Президент совғаси сифатида автомобиль топширилди

Шароф Рашидов туманидаги «Зарафшон» фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги «Оқолтин камалаги» фермер хўжалиги деҳқонлари Жиззах вилоятида биринчилардан бўлиб йиллик режани бир теримда, 6 иш кунида бажаришди.

Шароф Рашидов тумани жорий йилдан янги «кластер» тизимида ишламоқда. Ўтган йили фермер хўжалигида йиллик режа 58 фоиз бўлганди, 2019 йилда эса йиллик режа 120 фоизга етказиб бажарилди, ўртача ҳосилдорлик 35 центнерни ташкил этди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, «Оқ олтин камалаги» фермер хўжалигининг дала шийпонида бўлиб ўтган тантанали маросимда Шароф Рашидов тумани ҳокими Зойир Мирзаев ва вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров зафар маррасига етиб келган пахтакорларни ғалаба билан қутлаб, фермер хўжалиги раҳбари Воҳид Маҳкамовга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган «Нексия-3» енгил автомобилининг калитини топширишди. Шунингдек, пахта теримида алоҳида хизмат кўрсатган пахтакорларга ҳам совғалар топширилди.

«Даромадимиз ғалладан 140 миллион сўм бўлган бўлса, пахтадан 115 миллион сўм жами 255 миллион сўмни ташкил қилди. Бу маблағга юқори унумдор трактор олмоқчимиз.

Бугун муҳтарам Президентимизнинг совғаси «Нексия» автомашинасини қабул қилиб олдик, ҳосил байрамимиз ҳақиқий туйга айланди.

Ёшим 28да, отам бир умр қишлоқ хўжалик соҳасида ишлаган, оилада 12 кишимиз, лекин шахсий машинамиз бўлмаган. Буни отамга совға қилмоқчиман», — дейди фермер Воҳид Маҳкамов.

Шу куннинг ўзида мазкур фермер даласига туташ жойлашган «Жиззах замин сафоси» фермер хўжалиги ҳам шартномавий режани 105 фоизга бажарди. Мазкур фермер хўжалиги миришкорлари ҳам 30 гектар ерга чигит қадаб, қилган меҳнатлари самараси ўлароқ дастлабки 200 миллион сўмлик даромадни қўлга киритишди.

Бу хабар тўйга туёна бўлди, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай бутун «Яхтанлик» маҳалла аҳли тўпланиб, ғолибларни қутлашди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top