Ўзбекистон | 12:23 / 22.09.2023
15770
2 дақиқада ўқилади

«Ҳеч кимга амал никоҳлаб берилмаган» - Зойир Мирзаев Қибрайдаги «тозалаш» ҳақида

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай тумани ҳокимлигида “тозалаш” ишлари якунланганини маълум қилди. 

Фото: Видеодан кадр

Қайд этилишича, туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлардаги 64 нафар раҳбар ходимдан 47 нафари лавозимидан озод этилиб, уларнинг ўрнига ёш кадрлар тайинланган

17 нафар раҳбар кадр туман ҳокимининг кафолати асосида синов муддати билан лавозимида қолдирилган.

“Ҳеч кимга амал никоҳлаб берилмаган. Мен кетсам, иш тўхтаб қолади, деган одам хато қилади. Қибрай туманида кадрларни ислоҳ қиламиз. Бу менинг ташаббусим эмас, президент топшириғи”, — деди Зойир Мирзаев.

Тошкент вилоятининг депутат, кексалар ва фаоллардан таркиб топган махсус ишчи гуруҳи Қибрай туманида 20 кун мобайнида ҳокимлик ҳамда корхона ва ташкилотлардаги раҳбар ходимларнинг фаолиятини тўлиқ ўрганиб, лавозимига нолойиқ деб топилган кадрларни алмаштириш тўғрисида вилоят ҳокимлигига тавсия хатини киритган эди. 

Раҳбар кадрлар таркибининг ёш коэффициенти бўйича Қибрай тумани вилоятда биринчи ўринга чиққан. Лавозимга тайинланганларнинг 25 нафари 25-35 ёшгача бўлган кадрлар. 

Аввалроқ Зойир Мирзаев Халқ депутатлари Қибрай тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ҳокимлигининг барча ходимлари ёппасига ишдан олгани ҳақида хабар берилганди.

Вилоят ҳокими туманда қарийб 20 минг фуқаро мигрант сифатида хорижда бўлиб турганини таъкидлаб, буни «Қибрай учун ярашмайдиган ҳолат» деб атаган.

Мавзуга оид