Зойир Мирзаев Қибрай туманидаги раҳбарларни ёппасига лавозимидан озод қилди
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай туманидаги деярли барча раҳбарларни ишдан бўшатиб, уларнинг фаолиятини текширишга топшириқ берди. Ҳоким бўш ўринларга ёшлар ишга олиниши, ҳудудга «янги қон» кераклигини таъкидлади.
Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳокими ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа барча мутахассислари вазифасидан озод қилинди. Бу ҳақда 17 август куни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Халқ депутатлари Қибрай тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.
Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши, «тоза» чиқса, кейин ишини давом эттириши қайд этилган.
Шунингдек, тумандаги (ҳуқуқ-тартибот идораларидан ташқари) барча давлат ташкилотларининг раҳбарлари ҳам лавозимидан озод қилиниши белгиланди. Уларнинг фаолиятига ҳам бир ҳафта ичида баҳо берилади.
Вилоят ҳокими туманда қарийб 20 минг фуқаро мигрант сифатида хорижда бўлиб турганини таъкидлаб, буни «Қибрай учун ярашмайдиган ҳолат» деб атади.
Туманда олти ой якуни бўйича саноат маҳсулотлари, ўтган йилга солиштирганда, ишлаб чиқариш ҳажми ўзгармагани, 8 та корхона ўз фаолиятини тўхтатгани айтиб ўтилди.
Қайд этилишича, аҳоли сонига нисбатан 84 та сартарошхона, гўзаллик салонлари сингари хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари тақчил. KPI тизими бўйича туман маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари умумий 76 балл олган, бу кўрсаткич вилоятда 13-ўрин ҳисобланади.
«Салоҳиятли тадбиркорлар Қибрайда ошкоралик, адолат бўлишига ишонмайди. Экспортёр корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўқ. Натижада кейинги 2 йилда туманда ишлаётган 7 та экспортёр корхона бошқа туманларга ҳисоб рақамини кўчириб олиб кетган. Демак, улар бу ердаги мутасаддилар билан ишлашни хоҳламаган», — деган вилоят ҳокими.
У Қибрайда қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда кўп қонунбузарлик, бошбошдоқлик борлиги ва буни тартибга солиш вақти келганини таъкидлаган.
Шунингдек, вилоятда энг кўп умумий овқатланиш шохобчалари Қибрайда экани, бироқ уларнинг аксарияти расман ишга олинмагани бандлик дастурлари ижросига монелик қилиши танқид остига олинган.
Бундан ташқари, туманда яширин иқтисодиётга қарши курашиш, шу мақсадда туман ҳокими раислигида махсус ишчи гуруҳ тузиш кераклиги айтиб ўтилган.
Туманда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг атиги 8 фоизи қайта ишланиши «оғриқли масала» дея қайд этилди.
Вилоят ҳокими кадрлар билан ишлашнинг «Қибрай тажрибаси» жорий этилишини билдирди. «Бўшаган ўринларга, туман ташкилотларига танлов асосида ёппасига ёшлар ишга олинади. Қибрайга шу тариқа «янги қон» қуйилмаса бўлмайди», — деди ҳоким.
Ҳудудда 4000 нафар бола учун боғчада жой йўқлиги, мактабгача таълимга қамров 67 фоиз экани кўрсатилиб, бу Қибрай учун «шармандали ҳолат» деб баҳоланди. Тумандаги 16 та маҳаллада битта ҳам боғча йўқлиги қайд этилган.
«Туманда мурожаатлар билан ишлаш аянчли, 1697 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан атиги 8 фоизи ижобий ҳал этилган, холос. 28 та қабул, 128 фуқаро. Яъни битта қабулда ўртача 4 фуқаро қатнашган. Ҳоким қабул ўтказса, 4 нафар фуқаро келибди. Ким ишонади бунга? Кўзбўямачилик-ку бу?!» — деди Зойир Мирзаев.
Йиғилишда Оҳангарон тумани прокурори лавозимида ишлаб келган Музаффар Рашидов Қибрай тумани ҳокими этиб тайинланган.
Мавзуга оид
11:53 / 06.11.2024
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими лавозимига тасдиқланди
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
22:35 / 16.10.2024
Тошкент вилоятига мингта янги автобус харид қилинади
13:37 / 01.10.2024