11:40 / 09.10.2019
4
14977

Архитектура ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар нега «катталар»гача етиб бормаяпти?

Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, республикада қулай инвестицион муҳит яратиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига ғов бўлувчи бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда.

Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4160-сонли қарори ҳам шу жумладандир.

Мазкур Қарорда Ўзбекистон Республикаси рейтингини 2022 йилга қадар 20-ўрингача кўтариш вазифаси белгиланган.

Афсуски, «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида қурилиш-архитектура соҳаси энг муҳим индикаторлардан бири бўлишига қарамасдан, 2019 йилги натижаларга кўра мазкур соҳа бўйича Ўзбекистон 134-ўринни эгаллаган (Маълумот учун: Бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича 12-ўрин, электр энергиясига уланиш бўйича — 35-ўрин, шартномаларни бажариш бўйича — 41-ўрин) бўлиб, бу кўрсаткич барча индикаторлар ичида энг паст натижа ҳисобланади.

Қурилиш-архитектура соҳасини ислоҳ қилиш, рухсат бериш тартиб таомилларини қисқартириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги «Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 370-сонли қарори катта қадам бўлди.

Бироқ, ваколатли давлат органлари, хусусан Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан Президент томонидан олиб борилган ислоҳотларнинг туб моҳиятини англамасдан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Масалан, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли мавзеси, 45- ва 40-уйлар олдида жойлашган кўп қаватли автотураргоҳни савдо, маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ва офисга ихтисослаштириб, реконструкция қилиш эскиз лойиҳаси асоссиз важлар билан рад этилган. Бироқ, айнан шу объект эскиз лойиҳаси ҳеч қандай ўзгартиришларсиз келишиш учун қайта юборилганда мазкур мурожаат қаноатлантирилган.

Шу ҳолатда ўринли савол туғилади: нега энди биринчи марта келишиш учун тақдим этилган эскиз лойиҳа рад этилгану, иккинчи марта ҳеч қандай ўзгаришларсиз тақдим этилганда эскиз лойиҳаси тасдиқланган?

Бу каби ҳолатлар айрим ҳоллардагина эмас, балки мунтазам равишда давом этиб келмоқда. Хусусан, юқорида қайд этилган ҳолат Кичик ҳалқа йўли кўчаси 9-уй ёнида жойлашган кўп қаватли автотураргоҳ, маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси, офис учун маъмурий биноларни қуриш эскиз лойиҳасини келишиш бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида ҳам такрорланган.

Архитектура-қурилиш соҳасидаги ваколатли давлат органларининг энг «сеҳрли» ибораларидан бири бу — «қизил чизиқ».

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги ПФ-5515-сонли Фармонида Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермаётгани эътироф этилган ва шаҳарнинг бош режасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли топшириқ берилган.

Эндиликда яна бир ўринли савол пайдо бўлади: қандай қилиб президент фармонида Тошкент шаҳрининг бош архитектура режаси мавжуд эмас деб кўрсатилган бўлса-да, ваколатли орган ходимлари ўзбошимчалик билан хоҳлаган жойларида «қизил чизиқ» белгилаб олмоқдалар?

Худди шундай «қизил чизиқ» важи билан Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасидаги ер майдонида жойлашган офис биносини қуриш эскиз лойиҳасини келишиш рад этилган (2019 йил 17 майдаги 31-918/А-сонли хулоса). Энг қизиғи, айнан шу лойиҳа яна ҳеч қандай ўзгаришларсиз тақдим қилинганда 2019 йил 31 майдаги 31-1039/А-сонли хулоса билан келишилган.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, қурилиш ва архитектура соҳасидаги амалдорлар Президент томонидан қўйилган олий мақсад тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, инвестицион муҳитни яхшилаш эканлигини ёки унутиб қўйганлар ёки шахсий манфаатларини халқ манфаатидан устун қўймоқдалар.

Хулоса ўзингиздан. Ишлар шу йўсинда давом этаверса «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида қандай қилиб 134-ўриндан силжиш мумкин?

Ойбек ҲАСАНОВ.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top