13:02 / 12.10.2019
3
87320

«Бомба парчалари отамнинг юрагига тушди, онам эса қамоқда». Ироқдан қайтарилган болалар билан суҳбат

10 октябрь куни Тошкент халқаро аэропортида Ироқдан олиб келинган 64 нафар бола кутиб олинди. Kun.uz мухбири тадбирда қатнашган мансабдор шахслар ва дин пешволаридан ушбу инсонпарварлик операциясининг аҳамияти ҳақида фикр олди.

Нуриддин домла Холиқназаров, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби:

– Аллоҳ Ҳақ субҳанақу ва таолога шукроналаримиз бўлсинки, бугун юртимизда яна бир савобли амал бажарилди. Президентимизнинг топшириғига кўра, халқаро ЮНИСЕФ ташкилоти билан ҳамкорликда Ироқ давлатидан сарсон-саргардонликда юрган ватанимизнинг 64 нафар фарзанди юртимизга қайтарилди.

Бу – динимиз нуқтаи назаридан олиб қаралганда жуда ҳам катта савобли ишдир. Чунки, мурғак қалбларни жамиятда юртига, ватанига фойдали инсон қилиб тарбиялаш энг катта савоблардандир. Уларнинг тақдирига ота-оналари ҳам сабаб бўлди. Улар фарзандларини шундай тинч юртда бўла туриб нотўғри йўлда фарзандларининг тақдирини, бахтини қурбон қилишди.

«Меҳр-2» операцияси орқали бу болалар юртга қайтариб келинди. Олдимизда турган вазифа шуки, бу фарзандларимиз униб ўсишлари учун ҳаммамиз масъул бўлиб уларни тарбия қилмоқлигимиздир. Бу халқимизда қадимдан кечиримлилик, бағрикенглик нишонасидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг бир сўзлари бор. Ул зот минбарда туриб айтган эканларки, «сизлар кечиринглар, шунда сизлар ҳам кечириласизлар. Раҳм қилинглар, сизлар ҳам раҳм қилинасизлар. Кечиринглар, Аллоҳ ҳам сизларни кечиради». Кечиримлилик динимизда энг асосий тамойиллардан биридир.

Азизлар, бу фарзандлар Аллоҳ томонидан берилган омонат эди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): «Сизлар ҳаммангиз оила бошлиғисиз. Фарзандларингизга Қиёматда жавоб берасизлар». Ҳеч ким ҳеч қачон фарзандини бундай тахликага қўйишга ҳаққи йўқ.

Шундан сўнг, йиғилганлар билан 64 нафар болаларни олиб келган Boeing-757-23P самолётини кутиб олишга чиқдик. Болалар махсус тиббий кузатувчилар билан самолётдан олиб тушилди ва кутиш залига олиб кирилди. Биз уларнинг бошдан кечирганларини билиш мақсадида суҳбатда бўлдик.

«Ёшим 10да. Ироқда 3 йил бўлдик. Мен кўп ҳам ташқарига чиқмаганман. У ердалигимизда қамоқда яшадик. Онам ёнимда эди. Отам эса вафот этган. У бомба тушганида парчалари юрагига тушди ва вафот этди. Онам айни вақтда қамоқда. У ерда бизга овқатлар беришди, лекин умуман ташқарига чиқаришмади. Бу ерга келганимиздан хурсандмиз. Бу ерда қариндошларимиз бор. Уларнинг олдига борамиз», – дейди 10 ёшли болакай.

«Мен Ўзбекистонда кўп бўлмаганим туфайли ўзбек тилини яхши билмайман. Мен Бекободни, Тошкентни биламан. Бу ерлар жуда чиройли. Бу ердаги энам, холаларимни кўришни хоҳлардим», – дейди яна бир қизалоқ.

Биз бу вақтда болаларнинг ватанимизга қайтишига амалий кўмак берган Ироқнинг «Justice gate» нодавлат ташкилоти президенти Фираз Ал-Баяти билан ҳам суҳбатлашдик.

«Биз ушбу масъулиятли вазифани Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширдик. Маълумки, Ўзбекистоннинг Бағдодда элчихонаси йўқ. Шу сабабдан мамлакатнинг Кувайтдаги ваколатхонаси раҳбари элчи жанобларининг шахсан ўзи Бағдодга ташриф буюриб, ўзбекистонлик болаларни ватанга қайтариш бўйича расмий мурожаат қилди.

Биз мазкур соҳада фаолият юритувчи Ироқдаги ягона ташкилотмиз. Ходимларимиз юқори малакага эга иқтидорли мутахассислардир. Биз элчихонанинг мазкур жараёндаги фаолиятини қўллаб-қувватлаймиз, шунингдек, ЮНИСЕФ ҳам.

Элчихона вакиллари бу ишда қатъият кўрсатишди. Ўзбекистон барча болаларни ватанга қайтаришга катта ишни амалга оширмоқда ва шу жиҳатидан давлатингиз бошқа мамлакатларга ўрнак бўла олади, деб ишонаман. 64 нафар болани бир гуруҳда ватанга қайтариш осон иш эмас, аммо шукрки биз бунинг уддасидан чиқдик», – дейди ташкилот раҳбари.

Шундан сўнг, мусофир юртдан махсус давлат операцияси билан олиб келинган бу болалар Чирчиқдаги соғломлаштириш сиҳатгоҳига олиб кетилди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top