08:29 / 15.10.2019
0
5953

Ўзбекистон Туркий кенгаш доирасида қайси соҳаларда ҳамкорликдан манфаатдор экани маълум қилинди

2019 йилнинг 14 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Боку шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг еттинчи йиғилишида иштирок этди.

Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон ва кузатувчи-давлат Венгрия ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Туркий кенгаш доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар ва Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг ўз ишини бошлаётган VII Саммити чоғида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатларнинг лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Туркий кенгаш доирасида ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг мақсад ва вазифалари борасидаги Ўзбекистон қарашларига тўхталиб ўтди. Хусусан, мамлакат савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлиги эътироф этилди.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон Туркий кенгашнинг иштирокчи давлатлари билан икки томонлама савдо айланмасини йилига ўртача 30 %га ошириб бормоқда. 5 октябрь куни Тошкент шаҳрида туркий олам вакиллари иштирокида Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши ва Инвестиция форуми бўлиб ўтди.

Хива шаҳрининг 2020 йилда туркий оламнинг маданий пойтахти деб эълон қилиниши маданий-гуманитар соҳадаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида вазирлар томонидан Туркий кенгаш фаолиятининг ташкилий-молиявий масалалари ечими, хусусан Венгрияда Туркий кенгаш ваколатхонасини очиш билан боғлиқ қатор ҳужжатлар тасдиқланди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top