10:40 / 16.10.2019
3
41435

Самарқандда қурувчи блогерни судга берди. Даъвогар томон 500 миллион сўм маънавий зарар талаб қилмоқда

Самарқандлик қурувчи қурилиш майдончасини ноқонуний қўлга киритгани ҳақида блогпост ёзган блогерни судга берди. У суд орқали блогердан 500 миллион сўм маънавий зарар ундирмоқчи.

Сайтимизда «Самарқанднинг тарихий қисмида ноқонуний қурилишлар давом этмоқда: энди «ГОМ»ни бузиб, «дом» кўтаришмоқда» сарлавҳаси остида самарқандлик мустақил блогер Мирзо Субҳоновнинг суриштирувига асосланган хабар берилган эди.

Мазкур хабардан сўнг блогер М.Субҳонов ўз блогида «Ички ишлар мулки рейдер қурувчидан сақлаб қолинди» сарлавҳаси остида ташкилотларнинг илгариги блогпостига муносабатини эълон қилган.

Блогер Мирзо Субҳоновнинг Самарқанд вилояти қурилиш назорати инспекциясига кўра ёзишича, Самарқанд шаҳридаги «Буран қурувчи сервис» МЧЖ шаҳардаги ижтимоий объектларни бузиб, уларнинг ўрнига қурган кўп қаватли тураржойлар ноқонуний қурилган, деб топилган ва ЮНЕСКО талаби бўйича бузилиши белгиланган Самарқанд шаҳридаги жами 17та объект рўйхатига киритилган.

Блогер Мирзо Субҳонов Kun.uz’га маълум қилишича, «Буран қурувчи сервис» МЧЖ ушбу мақолалар юзасидан уни судга берган.

«Ўтган ҳафта почта орқали фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судидан хат келди. Очиб қарасам — менга нисбатан маънавий зарар иши бўйича чақирув қоғози жўнатилган экан.

Ҳолатга аниқлик китириш мақсадида бугун — 14 октябрь куни Тойлоқ туман судига борганимда «Буран Қурувчи Сервис» МЧЖ суд орқали мен ва яна бир блогердан жами 500.000.000 (беш юз миллион) сўм маънавий зарар талаб қилаётган экан.

Даъвогарнинг аризада билдиришича Kun.uz сайтида эълон қилинган «Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси ўз мулкини рейдер қурувчи «ҳамла»сидан сақлаб қолди» сарлавҳали мақола ортидан унинг қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Ундан уй сотиб олмоқчи бўлиб шартнома қилган харидорлар эса ушбу шартномаларни бекор қилиб, олдин тўлаган пулларини ёппасига қайтариб олишган. Бунинг оқибатида қурувчи сотаётган уй-жойларининг бозор нархи тушиб кетган.

«Бизнинг ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў-эътиборимизни ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли бизга маънавий зарар етказилди, ушбу маънавий зараримизни 500.000.000 (беш юз миллион) сўм миқдорида баҳолаймиз», дейилган аризада.

Ҳолбуки, Самарқанд шаҳар маъмурий судининг судья О.Пардаев раислигида 2019 йил 5 август куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида «Буран Қурувчи Сервис» МЧЖ Мустафо Камол Отатурк кўчасидаги Самарқанд шаҳар ИИБга қарашли 3-сон милиция бўлинмасига тегишли жойни ўзбошимчалик билан эгаллаб олгани тўғрисида қарор чиқарилган. Блогер давлат ташкилотлари ва суд қарорларига асосланиб, ўз блогпостини ёзган.

«Мен блогерлик ортидан даромад олмайман. Даъвогар судда тўлиқ ютиб чиққан тақдирда ҳам, менда у талаб қилаётган маблағ йўқ. Мендаги бор жами пулларни суд орқали ундириб олган тақдирда ҳам, қурувчининг ўзи даъво қилаётган танг молиявий ҳолатини ўнглай олмаслиги аниқ», — дейди М.Субҳонов биз билан суҳбатда.

Фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судидан олинган маълумотга кўра, мазкур фуқаролик ишини кўриш 2019 йил 18 октябрь куни соат 12:00га тайинланган.

Kun.uz мазкур вазиятни кузатишда давом этади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top