Жаҳон | 08:54 / 17.10.2019
8233
2 дақиқада ўқилади

Путин ҳукуматга ёшларнинг интернетда ўзларини қандай тутишларини ўрганиб чиқишни топширди

Фото: Евгения Новоженина / РИА Новости

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга ёшларнинг интернетда истеъмолчилик борасида нималарни афзал кўришлари ва ўзларини қандай тутишларини ўрганиш бўйича мунтазам тадқиқотлар ўтказиш вазифасини топширди. Тегишли буйруқ оила ва болаларни муҳофаза қилиш давлат сиёсатини амалга ошириш кенгаши йиғилиши якунига кўра қабул қилинган.   

Ҳужжатда сўровномалар ўтказишдан мақсад “давлат ҳокимияти органларининг ахборот муҳитининг ўсиб келаётган авлод қарашлари шаклланишига таъсиридан бохабарлиги даражасини ошириш” экани айтилган. Путин ушбу тадқиқот натижалари бўйича биринчи ҳисоботни 1 декабргача олишни кутаётгани таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, нотижорат ташкилоти негизида ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашга қаратилган контентни ишлаб чиқиш ва уни интернетда тарқатишни ташкиллаштириш бўйича мувофиқлаштирувчи марказ ташкил этиш вазифаси топширилган. 

Сентябрда Путин Россиядаги норозилик намойишларига изоҳ бериб, ёшлар ўз фикрларини билдиришга ҳақли эканини айтган. “Бу баъзида ижобий натижага олиб келади, чунки ҳокимиятни бир силтаб олади”, деб айтган Путин. Россия президенти, шунингдек, ҳокимиятнинг мажбуриятларига ёшларда “ўз ўрнини топишга” имкон бўлиши учун барча ишни қилиши зарурлиги киришини айтган.

Мавзуга оид