20:41 / 18.10.2019
0
81232

Каратэ бўйича Ўзбекистон кубогида содир бўлган оммавий муштлашув ҳақида расмий маълумот берилди

Фото: Xabar.uz

Kun.uz сайтида кеча, 17 октябрь куни каратэ бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси вақтида оммавий муштлашув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги бу борада расмий маълумот берди.

«2019 йил 16 октябрь куни соат 17:00 ларда Тошкент шаҳридаги «Универсал» спорт саройида бўлиб ўтаётган каратэ бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақаси вақтида низоли ҳолат келиб чиққан. Унда мусобақа ҳаками Бўриев Азизбек Эшбоевич, Тошкент вилояти «Чемпион» каратэ спорт клуби мураббийи Юсупов Дилшод Маърупович ҳамда Сурхондарё вилояти каратэ федерацияси мураббийи Исматуллаев Абдулазиз Иноятуллаевичлар ўртасида мусобақа якуний натижаси юзасидан ўзаро тортишув келиб чиққан.

Мазкур келишмовчилик оқибатида бирон бир шахс тан жароҳати олмаган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон каратэ федерацияси раёсати юқоридаги спорт мутахассисларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади. Текширув якунига кўра, Ўзбекистон каратэ федерацияси ҳаками Бўриев Азизбек икки йилга ҳакамлик фаолиятидан четлаштирилди. Шунингдек, Сурхондарё вилояти каратэ федерацияси мураббийи Исматуллаев Абдулазиз уч йилга, Тошкент вилоятидаги «Чемпион» каратэ спорт клуби мураббийи Юсупов Дилшод икки йилга мураббийлик фаолиятидан дисквалификация қилинди. Мусобақа бош ҳаками Қорабоев Қосимжонга ҳайфсан эълон қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолат иштирокчиси, каратэ бўйича Ўзбекистон ўсмирлар миллий жамоаси катта мураббийи Бўриев Азизбекни вазифасидан озод қилди. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мазкур ҳолатни ўз назоратига олган»,— дейилади баёнотда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top