Спорт | 20:18 / 14.01.2023
47583
2 дақиқада ўқилади

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Улар давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда гумонланмоқда. 

Фото: Getty Images

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги (ҳозирги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги) мансабдор шахслари давлат мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда гумонланмоқда. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди. 

Агентлик томонидан фуқаронинг мурожаати асосида тузилган ишчи гуруҳ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги фаолиятини ўрганган ва айрим мансабдор шахслар томонидан бир қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганини аниқлаган. Уларнинг исми-шарифи хабарда келтирилмаган. 

Жумладан, 2019 йилда Италиянинг Пьедилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган турнир ҳамда ўқув йиғини машғулотида Ўзбекистон миллий жамоасининг иштирокини таъминлаш учун давлат бюджетидан 334 млн сўм, 20 680 евро ва 1500 доллар ажратилган. Бироқ, ўрганишлар давомида ушбу халқаро тадбирлар учун сарфланган маблағларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган. 

Шунингдек, 2019 йилда Токио ва Пекинда синхрон сузиш бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақаларга масъуллар 1015 доллар миқдорида ортиқча харажатга йўл қўйган. 

Бундан ташқари, вазирлик томонидан 2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан спорт жиҳозлари сотиб олиш учун «Машхим» МЧЖ, «Араббой спорт» ХК ва «Спорт жиҳоз люкс» корхонаси билан 45 та ҳолатда 15 млрд сўмлик шартномалар тузилган. Ўрганишда 6 та шартнома бўйича сотиб олинган 2,9 млрд сўмлик жиҳозларнинг фойдаланиш учун тарқатилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган. 

Ўрганиш якуни бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган. 

Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодекси 167-моддасининг 3-қисми, «а» банди (давлат мулкини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид