16:50 / 18.10.2019
3
9374

Қум-шағални ноқонуний қазиб олганлик учун жарима кескин оширилиши кутилмоқда

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси

Ўзбекистонда норуда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланганлик учун жарима миқдори сезиларли оширилиши кутиляпти. Тегишли қонун жума куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланди.

Қонун кучга кирган тақдирда, мазкур ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50дан 70 бараваригача (ҳозир – 10дан 20 бараваргача), мансабдор шахсларга эса 100 баравардан 150 бараваригача (ҳозир – 30дан 50 бараваргача) жарима белгиланади.

«Республикада норуда фойдали қазилмалардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича 2017 йилда 127та маъмурий иш қўзғатилган. 2018 йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида бу кўрсаткич 61тани ташкил этди.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида Тошкент вилоятида 4та, Сирдарё вилоятида 2та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари томонидан такроран 1 618.2 млрд. сўмлик норуда фойдали қазилма ноқонуний кавлаб олинган. Бу субъектлар 2018 йилда 837.8 млн.сўмлик норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний қазиб олгани учун жавобгарликка тортилганди», – деган депутат Назир Собировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумот учун, норуда (нометалл) фойдали қазилмалар – табиий ҳолатда ёки турли хил ишлов берилганидан сўнг саноат ва қурилишда фойдаланиладиган қаттиқ тоғ жинслари ёки минераллардир.

Уларнинг тури юздан ортиқ, жумладан қум-шағал ҳам норуда фойдали қазилмаларга киради. Табиий туз, гил, асбест, графит, керамика, шиша хом ашёси кабилар ёки зеб-зийнат буюмлари ясашда ишлатиладиган қимматбаҳо тошлар (олмос, зумрад, ёқут, феруза) ҳам шулар жумласидан.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top