Ўзбекистон | 13:36 / 18.11.2022
6732
4 дақиқада ўқилади

Сенатор: Мутахассис бўлмаган одамлар лицензияни олиб, дарёдан қум-шағал қазиб ётибди

Фото: KUN.UZ

Дарё ўзанлари белгиланган чуқурликлардан пастга тушиб кетаётганлиги оқибатида ерости чучук сувлари ифлосланиб, сув сатҳи пасайиб кетмоқда. Ялпи мажлисда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг атроф-муҳит, сув ва йўл хўжалиги объектларига салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама қилинди.  

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Баҳодир Тожиевнинг айтишича, сув ҳавзаларида лицензия асосида қум-шағал қазиб олаётган 94 та тадбиркорлик субъекти фаолияти ўрганилиб, уларнинг 12 тасида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартиби, 25 тасида эса лицензия шартлари бузилганлиги аниқланган.

Андижон, Наманган, Жиззах, Самарқанд, Хоразм, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги муаммоли ҳолатларнинг салмоқли қисми бартараф этилиб, сув ҳавзаларига чегара ҳудудларини кўрсатувчи белгилар ўрнатилган.

Лекин сўровда кўтарилган муаммоларнинг ҳаммаси ҳам қамраб олинмагани, айрим муаммолар долзарблигича қолаётгани айтилмоқда.

“Бунинг асосий муммоларидан бири – малакасизлик. Мутахассис бўлмаган одамлар лицензия олиб, дарёдан қум-шағал қазиб ётибди. Оқибатда дарё ўзанлари тиклаб бўлмас ҳолатга келиб қолмоқда, қирғоқлар кенглиги беш юз метрдан ортиб кетган ва ҳатто ўзан йўналишлари ўзгариб кетаётган ҳолатлар бор. Дарё ўзанлари ҳаддан зиёд пастга тушиб кетаётгани ерости чучук сувларини ҳам ифлослантирмоқда ва сув сатҳи пасайиб кетмоқда”, – деди сенатор Тожиев.

Бундан ташқари, норматив-ҳуқуқий жиҳатдан айрим камчиликлар борлиги ҳам маълум қилинди.

Хусусан:

  • Қум-шағал қазиб олаётган тадбиркорлар томонидан лицензия ёки шартнома муддати тугагандан сўнг кон ёки участкани қабул қилиб олиш тартиби жорий этилмагани;
  • Бузилган ер майдонларини рекултивация қилиш ва давлат захирасига қайтариш бўйича талабни бажармаган субъектларга нисбатан қонунчиликда таъсир чоралари йўқлиги;
  • Тадбиркор томонидан дарё ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини тозалаш, шунингдек, қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари қонун талаблари асосида амалга оширилаётганлигини текшириш ёки ўзбошимчалик билан фойдали қазилмаларни қазиб олишга йўл қўймаслик бўйича назорат тадбирларини ўтказиш имконияти чеклангани;
  • Шунингдек, уларнинг табиатга етказган зарарини ҳисоблаш методикаси мавжуд эмаслиги бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқда.

“Табиийки, бу ҳол палапартишликка олиб келади. Масалан, 157 минг метр куб ҳажмдаги қум-шағал белгиланган ҳудудлардан ташқарида ноқонуний қазиб олинган. Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида ўзан туби чуқурлашиб, ерости сувларининг сатҳи пасайиши билан боғлиқ 30 та ҳолат аниқланиб, тадбиркорларнинг лицензиясини бекор қилиш юзасидан суд органларига 35 та тақдимнома киритилган”, – дея қайд этди маърузачи.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятида кон ишлари тўлиқ якунланган ҳамда лицензиянинг амал қилиш муддати тугаган 71 та тадбиркорлик субъектига берилган 1 минг 600 гектарга яқин майдон рекултивация қилинмагани ҳам маълум қилинди.

Бу борада тегишли ташкилотлар томонидан етарлича ишлар қилинмаётгани ҳам танқид остига олинди. Таъкидланишича, қум-шағални ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари юзасидан фуқаролар ва мансабдор шахсларга Давлат экология қўмитаси инспекторлари фақат маъмурий жарима жазосини қўллаш билан чекланиб қолмоқда. Бунда таъсир чоралари фақат бир томонлама ва самарасиз бўлиб қолаётганига табиатга етказилган зарар миқдорини ҳисоб-китоб қилиш механизми йўқлиги, алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Мавзуга оид