Истеъмол қилмаслик керак бўлган маҳсулотлар маълум қилинди
Испаниялик парҳезшунослар La Vanguardia нашри билан суҳбатда “барча маҳсулотни ейиш мумкин, бироқ меъёрида” деган тасдиқни хато деб, рациондан чиқариб ташлаш керак бўлган бир қатор маҳсулотларни санаб ўтишди.
Хусусан, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда рафинадланган (тозаланган) ун истеъмол қилиш зарар келтириши мумкин. Бу маҳсулот сабабли қонда глюкоза миқдори кескин ошиб-пасайиши мумкин. Парҳезшунос Пилар Эскернинг таъкидлашича, бу ҳолат қанд касаллиги авж олишига олиб келиши мумкин.
“Бошоқли ўсимликлар қайта ишланганда бириктирувчи тўқима ва бошқа озиқавий моддалар чиқиндига чиқарилади. Бундан ташқари, рафинадланган маҳсулотлар юқори гликемик индексга эга, шу сабабли улар камроқ даражада озиқавий”, деб қўшимча қилган бошқа бир парҳезшунос Мария Мерино.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, колбаса маҳсулотларини ейишдан қочиш керак, чунки улар ярмига қўшимчалар, крахмал ва бошқа моддалардан ташкил топган.
Шунингдек, ёғсизлантирилган сут маҳсулотларидан воз кечиш тавсия қилинади. Парҳезшунослар ёғ миқдори кам бўлган сут ва сут маҳсулотлари одатда шакар сақлаши ва озиқавийлиги пастлигини таъкидлашмоқда.
Шунингдек, вақти-вақти билан пишириқ, снэклар ва яримфабрикатлар, этикеткасида “паст калорияли”, “зеро” ва “шакарсиз” ёзуви бўлган маҳсулотлар, спиртли ичимлик ва қайта ишланган гўштни истеъмол қилмаслик лозим.