16:58 / 26.10.2019
1
83144

Зафар Рўзиевнинг икки нафар ўринбосари ҳам ишдан кетди. Улар туман ҳокимлигига туширилган

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев ҳамда ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов ҳам ишдан кетди. 

Хуррам Жўраев
Бахтиёр Ражабов

Бу ҳақда халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилинди.

Х. Жўраев 2016 йилдан бери Қашқадарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди. Б. Ражабов эса 2018 йилда Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганди.

Ўз навбатида, Хуррам Жўраев Чироқчи тумани ҳокими этиб тайинланган. Ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов Миришкор тумани ҳокими лавозимини эгаллаган.

Сессияда иштирок этган президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов вазифасидан озод этилган вилоят ҳокими ўринбосарларига президент томонидан сўнгги имконият берилганини айтган.

Аввалроқ, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри, Чироқчи ва Миришкор туманлари ҳокимлари ишдан олингани хабар берилганди.

Чироқчи туманида Рустам Жўрақобилов ҳоким эди. У бу лавозимда 2017 йилнинг 16 мартидан бери ишлаётганди. Миришкор туманининг эндиликда собиқ ҳокими Равшан Комилов ҳам лавозимига 2017 йилнинг 16 мартида тайинланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top