Ўзбекистон | 22:52 / 27.10.2019
12299
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон телеканаллари «Kartina TV» халқаро телеканаллар тармоғида намойиш қилинмоқда

“Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “УзРепорт”, “Миллий” ва “Зўр ТВ” телеканалларини Европа ва Осиё мамлакатлари, Яқин Шарқ давлатлари, Шимолий ва Жанубий Америка минтақасида 14 кунлик архиви сақланган ҳолда кўриш мумкин.

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн (Германия) шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Висбаден шаҳрида жойлашган «Kartina TV» халқаро телеканаллар тармоғи билан ҳамкорлик доирасида мазкур тармоқда “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “УзРепорт”, “Миллий” ва “Зўр ТВ” телеканаллари намойиши йўлга қўйилди. Бу ҳақда “Дунё” АА мухбири хабар қилди.

Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимиз маданияти, урф-одатлари ва замонавий ривожланиши ҳақида жаҳон ҳамжамиятини таништиришга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу телеканалларни дунёнинг турли ўлкаларида томоша қилиш имкониятини яратади.

Юқорида келтирилган телеканалларни Европа ва Осиё мамлакатлари, Яқин Шарқ давлатлари, Шимолий ва Жанубий Америка минтақасида 14 кунлик архиви сақланган ҳолда кўриш мумкин.

«KartinaTV» бу — халқаро сервис бўлиб, МДҲнинг 150 дан ортиқ каналлари намойишини таклиф қилади. Дунёнинг 100 мамлакатидан 5 миллиондан зиёд киши порталга обуна бўлган. Улардан 24 фоизи АҚШда, 7 фоизи Буюк Британияда, 52 фоизи Германияда, 8 фоизи Исроилда ва 9 фоизи бошқа давлатларда истиқомат қилади.