18:10 / 30.10.2019
0
4424

«Ипак йўли» халқаро туризм университети Ўзбекистонда биринчи бўлиб Triple degree дастурини жорий қилди

Маълумки, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган эди. Йил доирасида маданият, санъат, адабиёт, илм-фан, туризм ва бошқа соҳаларда юздан ортиқ тадбирлар ўтказилди. 2019 йилни Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилиниши ушбу жараённинг мантиқий давоми бўлди. Бу ўз навбатида икки қардош халқ ўртасидаги биродарлик ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

2019 йилнинг 30 октябрь куни «Ипак йўли» туризм халқаро университетининг Ривожлантириш ва стратегик масалалар бўйича биринчи проректори А. Акбаров Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманга ташриф буюрди.

Анжуман доирасида Путра университети (Малайзия) билан ҳамкорликда қўшма IT факультет ташкил қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди. Ушбу факультет туризм соҳасида янги ахборот технологиялари йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашнинг муҳимлиги ва долзарблигини англаган икки томон раҳбарларининг қарори билан ташкил қилинди.

Ахборот технологиялари – миллий ишлаб чиқариш рақобатбардошлигини юксалтириш ва янгилаш, инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг энг кучли томони ҳисобланади. Уларнинг етакчи давлатлар ЯИМга қўшган ҳиссаси тинимсиз ўсмоқда.  

Анжуманнинг энг аҳамиятли – сенсацион фурсати Осиёнинг етакчи ОТМи саналмиш Silkway International University (Қозоғистон), Middle East University (Иордания) ва University Putra Malaysia (Малайзия) университетлари билан ҳамкорликдаги TRIPLE DEGREE дастурининг имзоланиши бўлди. Бу университетларимизнинг истиқболли ва янгидан янги имкониятлар эшигини очувчи қадами бўлди.

Ушбу келишув университетимиз талабаларига тўрт йил ичида биратўла учта бакалавр дипломи ва маълум мутахассислик бўйича профессионал сертификат олиш имконини беради. Бу ўз навбатида юқори малакали ва рақобатбардош кадрлар етиштириш масаласининг ечими бўла олади.

Биринчи проректор А. Акбаров ўз чиқишларида ушбу дастур бошланғич лойиҳа эканлигини назарда тутиб, туризм соҳасидаги таълимнинг халқаролаштирувига замин яратади. Шунингдек, у туризм соҳасидаги ОТМ ҳамкорлигининг муҳимлигини ҳам таъкидлаб, ушбу келишув «Ипак йўли» туризм халқаро университетини дунёга олиб чиқишига ишонч билдирди. 

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, «Ипак йўли» туризм халқаро университети вақтни илгарилаб кетди. Ўтган икки йил мобайнида университет Ўзбекистон олий таълим соҳасида бир қатор янгиликлар, инновациялар яратишга муваффақ бўлди.  Ва Ўзбекистонда биринчи бўлиб TRIPLE DEGREE дастурини жорий қилишда ҳам биринчиликни қўлга киритди.

Реклама ҳуқуқи асосида

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top