20:50 / 30.10.2019
0
7780

Хитойнинг Хэбэй провинциясидаги шиша кўприклар хавфсизликка текшириш учун ёпилди

Хитой шарқида жойлашган Хэбэй провинциясидаги шиша кўприклар, пиёдалар ўтиш жойлари ва томоша майдончалари хавфсизликка текшириш учун ёпилди. Бу ҳақда Хитой ОАВ хабар берди. 

Провинцияда 32 та шундай жой ташриф учун ёпилган. Хитойда охирги бир неча йил ичида шиша кўприкларда бир нечта бахтсиз ҳодиса юз берган: бир неча киши ҳалок бўлган, кўплаб одамлар жароҳат олган.

Шишадан ясалган бундай диққатга сазовор жойлар Хунань вилоятида 2016 йилда дунёдаги энг узун ва баланд жойлашган шиша кўприк деб тан олинган Чжанцзяцзе кўприги пайдо бўлгандан кейин оммавийлашган. Ушбу кўприк 300 метр баландликдан ўтган, узунлиги 430 метрни ташкил қилади. Ушбу кўприк вақти-вақти билан, жумладан ёғингарчилик вақтида ёпилади, чунки унинг шиша қоплами ташриф буюрувчилар учун жуда хавфли ва сирғанчиққа айланади.  

Сайёҳларни бундай кўприкларда айниқса “дарз кетаётган шиша эффекти” жалб қилади. Бунда оёқ остидаги шиша дарз кетаётгандек кўриниб, синаётган шиша овози эшитилади. 

Шиша кўприклар Хитойнинг ташриф қоғози ҳисобланади. Улар кўплаб хорижий ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилади. Умумий ҳисобда Хитойда 2,3 мингтага яқин бундай кўприклар бор.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top