11:06 / 31.10.2019
0
27687

Ўзбекистонда қалбаки доллар тайёрлаш ва уни ўтказиш бўйича яна бир ҳолат аниқланди

Фото: Getty Images

Қалбаки пул тайёрлаш ва уни ўтказиш бўйича яна бир ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълумот берди.

Қайд этилишича, маҳкама ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти, Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган тадбир давомида Ургут савдо комплексининг дарвозаси олдида фуқаро Ф.Б. жами 2.300 АҚШ доллари миқдордаги қалбаки купюраларни сотаётган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг туман бўлими томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилган хабарда.

Бундан олдин, Наманган шаҳрида қалбаки пул тайёрлаш ва уни ўтказиш билан шуғулланган шахс қўлга олинганди.

Департаментнинг Наманган шаҳар бўлими томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро М.М. ҳар бири 100 АҚШ доллари купюрасидаги 21 дона 2.100 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки валюта қимматликларини фуқаро У.Т.га 1.000 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top