Тугаётган ҳафта муҳим сиёсий воқеаларга бой бўлди. Федерал захира тизимининг (ФЗТ) фоиз ставкасига доир қарори ва келгуси ойлардаги прогнозлари эълон қилинди. Бунга кўра, ФЗТ навбатдаги йиғилишида фоиз ставкасини ўзгаришсиз, 5,5 фоизда сақлаб қолди. Бунга сабаб сифатида нарх босимининг ҳали ҳам мавжудлиги ва иқтисодиётнинг «юмшоқ қўниш» сценарийсини амалга ошириш, яъни инфляцияни 2 фоиз кўрсаткичга олиб келишга ҳали ҳам узоқ йўл борлиги айтиб ўтилди. Япония Марказий банки эса ўзининг «тажовузкор» монетар сиёсати, яъни 2016 йилда бошланган салбий фоиз ставкалари даври муваффақиятли якунланганини эълон қилди ва ставка -0,1 фоиздан 0-0,1 фоизгача кўтарилди.

Jahon Insights канали экспертлари 18 мартдан 22 мартгача бўлган даврда Халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.       

АҚШ топ фонд бозорлари индекси:

S&P500 – 5234 (ҳафта бошидан +2,29 фоиз, йил бошидан +9,74 фоиз);

NASDAQ – 18339 (ҳафта бошидан +2,98 фоиз, йил бошидан 9 фоиз);

DJI – 39475 (ҳафта бошидан +1,97 фоиз, йил бошидан +4,74

фоиз).

АҚШ фонд индекслари ФЗТ раиси Жером Повел  чиқишидан сўнг ўсишни давом эттирди. Хусусан, 500 та энг йирик компаниялардан таркиб топган S&P500 индекси 177 пунктга, NASDAQ индекси 531 пунктга,  Dow Jones индекси эса 761 пунктга ошди.   

Асосий қимматбаҳо металлар:

  • Олтин – 2164 доллар (ҳафта бошидан +0,42 фоиз, йил бошидан  +4,95 фоиз);
  • Кумуш – 24,6 доллар (ҳафта бошидан -2,05 фоиз, йил бошидан  +3,9 фоиз);
  • Алюминий – 2300,8 доллар (ҳафта бошидан +1,33 фоиз, йил бошидан -3,38 фоиз);
  • Мис – 4 доллар (ҳафта бошидан -2,88 фоиз, йил бошидан +2,84 фоиз).

P.S: юқорида қимматбаҳо металларнинг 1 унцияси нархи кўрсатилган.

Қимматбаҳо металлар турли йўналишда ҳаракатланишди. Масалан, алюминий ва олтин мос равишда 30 доллар ва 9 долларга ўсган бўлса, кумуш ва мис 52 сент ва 12 сентга арзонлашди.

Нефт

  • WTI – 80,74 доллар (ҳафта бошидан -0,28 фоиз, йил бошидан +13,26 фоиз);
  • BRENT – 85,52 доллар (ҳафта бошидан +0,3 фоиз, йил бошидан +11,01 фоиз).