15:40 / 31.10.2019
0
4491

ССВ: Перинатал марказлар она ва бола ҳаёти хавф остида бўлган туғруқлар учун ихтисослашган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда тарқалган, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган Сурхондарё вилояти перинатал марказида пуллик тиббий хизматлар нархлари акс этган прейскурант (расм) бўйича муносабат билдирди.

«Маълумки, сўнгги йилларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш тизими йўлга қўйилди. Перинатал хизматнинг асосий вазифаси ҳомила ҳолатини кузатиш, жарроҳлик йўли билан ўз вақтида даволаш учун туғма нуқсонларни аниқлаш, муддатига етмай ва кам вазнда туғилган чақалоқларни парваришлашдан иборат. Бу борада эришилаётган муваффақиятлар нафақат гўдаклар ҳаётини ва саломатлигини сақлаб қолиш, балки она саломатлигини ҳам таъминлаш имконини беради.

Қолаверса, юртимиз перинатал муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши баробарида, мутахассисларимизнинг ҳам малакасини ошириш орқали энг кам вазнли гўдаклар, ҳатто беш юз грамм вазнда туғилган чақалоқларни парвариш ва реабилитация қилиш муваффақиятли амалга оширилмоқда. Табиийки, тизимида амалга оширилган бундай муҳим ислоҳотлар натижасида юртимизда аёлларни саломатлигини мустаҳкамлашга, оналар ва гўдаклар ўлимини кескин камайишига сабаб бўлмоқда. Сўнгги икки йил ичида гўдаклар ўлими ҳар бир минг нафар тирик туғилганларга нисбатан 1,6 промиллега камайди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 29 октябрдаги «Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган пуллик тиббий хизматларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 589-сонли ҳамда 2014 йил 28 майдаги «Ўзбекистон Республикасида перинатал хизматни ҳудудийлаштириш тўғрисида»ги 185-сонли буйруқлари асосида муддатдаги физиологик, асоратланмаган ҳомиладорлик, доимий ёки вақтинча рўйхатда турган ҳомиладор аёлларни жойидаги туғруқ муассасасида бепул тарзда тиббий хизмат кўрсатилади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Марат Садиков мамлакатдаги перинатал марказлари ҳомилада туғма нуқсони бўлган, она ва бола саломатлигига хавф солувчи туғруқларни амалга оширувчи муассаса ҳисобланишини таъкидлаб ўтган.

«Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, мамлакатимиздаги перинатал марказлари ҳомилада туғма нуқсони бўлган, она ва бола саломатлигига хавф солувчи туғруқларни амалга оширувчи муассаса ҳисобланади. Ушбу ҳолатларда барча туғруқлар бепул тарзда амалга оширилади. Шунингдек, айни пайтда фуқароларнинг талаб ва истакларига асосан бошқа ҳудудларда бўлгани каби Сурхондарё вилоят перинатал марказида сифатли, малакали ва ихтисослаштирилган пуллик тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилган. Марказда пуллик тиббий хизмат йўлга қўйилгунга қадар физиологик туғруқлар 47 фоизни ташкил этган бўлиб (меъёр 25 фоизгача) пуллик тиббий хизмат йўлга қўйилгач, ушбу кўрсаткич 20-25 фоизга тушириш кўзда тутилган. Пуллик хизмат нафақат қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш баробарида, бюджет маблағларини тежаш, санитария қоидаларига риоя қилиш, коррупциянинг олдини олиш, муассасанинг тиббий ва моддий техника базасини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда», дейди у.

Вазирлик муносабатида ижтимоий тармоқларда тарқалган прейскурант тегишли ҳуқуқий ҳужжатга асосан пуллик тиббий хизмат учун белгиланган нархлар ҳисобланиши, шу боис физиологик ҳолатдаги ҳомиладор аёллар, ҳудудларидаги туғруқ муассасасида бепул тарзда тиббий хизматдан ёки ўз хоҳишларига қараб, перинатал марказларидаги пуллик хизматлардан фойдаланишлари мумкинлиги қайд этилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top