Адвокатдан вазирга маслаҳат
Юристкадр Telegram канали асосчиси Саидали Мухторалиев Соғлиқни сақлаш вазири Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Тошкент шаҳар филиали бош шифокори лавозимида ишлаб келган таниқли онколог шифокор, профессор Ғолиб Ҳакимов иши бўйича суд қарори ижросини таъминламаётганини маълум қилди. Адвокатга кўра, вазир Амрилло Иноятов ушбу масалада қабулига кирган ҳуқуқшуносга қўпол муносабатда бўлган.
“Кеча МИБ Шайхонтоҳур тумани бўлими масъул ходими билан бирга фуқаро Ғолиб Ҳакимовни ишга тиклаш бўйича суд қарорини ижро қилмаган Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг қабулига кирдик. Айтиш керак, вазир Иноятов биз билан жуда қўпол муносабатда бўлди. Бутун бошли ССВ вазирига ярашмайдиган гаплар гапирилди: яъни суд қарорини ижро қилмаслик ҳақида.
Биз у кишига Конституция бўйича суд қарорини ким бўлишидан қатъи назар, у вазирми, у ҳокимми бажаришга мажбурлигини тушунтириб чарчадик. Йўқ, у фикрларимизни қабул қилишни истамади.
Бу учрашувдан ССВ вазири суд қарорларини ижро қилмайдиган ва менсимайдиган раҳбарлардан бири экани ҳақидаги фикрларимиз янада “тиниқлашиб” чиқди. Ўртада бўлган гапларга батафсил тўхталиб, майдалашиб ўтириш ниятим йўқ. Лекин вазир Иноятовга маслаҳатим: одамлар билан гаплашаётганда эҳтиросларни сал бўлса-да жиловлаб олиш керак. Ва иложи бўлса, бироз мулоҳаза қилиб, кейин гапирган яхшироқ.
Суд қарорини эса барибир ижро қиласиз, қонунлар бор ва улар ишлар экан, ижро қилмаслигингизга қўймаймиз.
Буёғи, иш Мажбурий ижро бюросида: кеча маъмурий ҳуқуқбузарлик факти янада ойдинлашди, демак қонунбузар вазирга тегишли тартибда маъмурий жазо чоралари қўлланиши шарт”, дея таъкидлаган Саидали Мухторалиев.
Аслида нима бўлган эди?
Профессор Ғолиб Ҳакимов иши бўйича 2022 йил декабр ойида Kun.uz ҳам суриштирув олиб борган. Ўша вақтда Соғлиқни сақлаш вазири бўлган Беҳзод Мусаев ҳам суд қарори ижросини таъминламаган.

















