Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йил биринчи ярим йиллиги якунларига бағишлаб 8 август куни ўтказилган ҳайъат йиғилишида тўрт вилоят ССБ бошлиқларига чора кўрилди, бир неча тиббиёт бирлашмалари бошлиқлари вазифасидан озод этилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов раислигида олиб борилган йиғилишда маълум қилинишича, Тошкент вилоятида режадаги 10 та, Қашқадарёда 9 та, Сирдарёда 5 та оилавий шифокор пунктидан бирортаси ташкил этилмаган.

Оилавий янги поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш борасида Самарқанд, Тошкент, Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида сусткашликка йўл қўйилган.

Бирламчи тизимни аҳолига янада яқинлаштириш мақсадида оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ва маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш бўйича давлат раҳбари топшириқларини бажаришда йўл қўйган сусткашлиги учун:

  • Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Б.Тешаев ва Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири М.Курбановга ўртача ойлик иш ҳақидан 30 фоиз жарима;
  • Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Иминов, Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Х.Ҳакимов, Навоий вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Н.Сафоев ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Содиқовга ҳайфсан интизомий жазо чораларини қўллаш белгиланди. 

ССВ матбуот хизматига кўра, вазир олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари томонидан профилактик кўриклар ва скрининг дастурларини амалга ошириш механизми жойларда тиббиёт ходимларига тўлиқ тушунтириб берилмаганлиги ва жараён тизимли назоратга олинмаганлиги сабабли тармоқ режалари нотўғри тузилгани, уларнинг ижроси талаб даражасида бажарилмаганини ҳам танқид қилган.

Шундан келиб чиқиб, даволаш-профилактика ишларини талаб даражасида ташкил этмагани, тиббиёт бригадалари фаолиятини ташкиллаштиришда назоратни сусайтиргани, аҳоли репродуктив саломатлиги кўрсаткичларининг ёмонлашгани учун йиғилишда қуйидаги ходимлар эгаллаб турган вазифасидан озод этилди:

  • Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Юсупов;
  • Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Арабов;