16:40 / 01.11.2019
1
3916

ССВ «Тез ёрдам»га тушаётган асоссиз чақириқлар шифокорлар вақтини ўғирлаши ҳақида эслатди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати «Тез ёрдам»га келиб тушаётган асоссиз чақириқлар ортиқча вақт ва маблағ кетишига олиб келиш билан бирга, шифокор ва тиббий ёрдам машинасининг банд бўлиб қолишига ҳам сабаб бўлаётганини эслатиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Миробод тумани Меҳржон кўчасида жойлашган 2-сонли ИИБ бўлимида 25 ёшли шахсни кўрикдан ўтказиш мақсадида Миробод туман тез ёрдам бўлимига келиб тушган мурожаат юзасидан тарқалган видеохабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилди.

Маълум бўлишича, турли ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа шу йилнинг 24 октябрь куни эмас, балки 26 июнида рўй берган ҳамда воқеа жойидаги шахслар томонидан тасвирга олинган. Унга кўра, туман ички ишлар бўлими ходимлари хизмат вазифаси вақтида икки нафар аёлни маст ҳолатда жамоат жойида жанжаллашиб турганида қўлга олади. Вазиятни ойдинлаштириш мақсадида улар билан суҳбатлашиш асносида алкогол маҳсулоти истеъмол қилингани аниқланади. Аммо шунга қарамай фуқароларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини тиббий тасдиқлаш мақсадида тонгги соат 7:55 атрофида ички ишлар ходимлари томонидан тез ёрдам чақирилади.

Шу орада ҳудуддаги подстанцияда мурожаатлар кўплиги боис, фақат битта бригада бўш бўлгани ва айни шу вақтда подстанцияга тумандаги Оқ йўл кўчаси 195-хонадонда истиқомат қилувчи 65 ёшли аёлнинг юрак хуружи билан боғлиқ чақириғи келиб тушгани сабаб шифокорлар аввал ушбу манзилга зудлик билан етиб боради. Беморга тиббий ёрдам кўрсатиб, унинг ҳаётини сақлаб қолишга сабабчи бўлишади. Шундан сўнг қарийб ярим соатдан ошиқроқ вақт ўтиб, иккинчи чақириқ тушган ИИБ бўлимига боришади.

Бу ерда тасвирдаги аёл томонидан «чақириққа кеч келдинг» дея, ўша ердаги ички ишлар ходимлари гувоҳлигида шифокор Э.Салиевга нисбатан турли камситиш ва ҳақоратомуз сўзлар айтилади. Шунга қарамай шифокор аёлни кўрикдан ўтказади ва унда мастлик ҳолати мавжудлигини аниқлайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги пайтларда юртимизда халқимизга тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда шошилинч ва тез тиббий ёрдамнинг сифат ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада аҳолининг «тез ёрдам»га ишончи ортмоқда. Масалан, жорий йилнинг ўтган тўққиз ойида биргина Тошкент шаҳри миқёсида «тез ёрдам»га 750 мингга яқин чақириқлар тушган. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз кўпроқдир.

Бироқ, давлатимиз томонидан яратилаётган замонавий шароитларга қарамай, соҳада ҳали қатор масалалар ҳам йўқ эмас. Масалан, баъзи ҳолларда «тез ёрдам»га тушаётган чақириқларнинг 30-40 фоизи асоссиз чақириқларга тўғри келаётгани ачинарли албатта. Аксарият ҳолатларда у ёки бу сурункали касаллиги бор беморлар гоҳ қон босимини ўлчатиш, гоҳида қайсидир уколни қилдириш ёки бўлмаса режали даволаш муолажалари учун ҳам «тез ёрдам»ни чақираверишларини нима билан изоҳлаш мумкин? 

Устига устак, худди шу ҳолат ички ишлар ходимлари томонидан оддий текширувларга ҳам чақириш ҳолатларида тез-тез учраб турмоқда. Бу эса оддий чақириқдан кўра кўпроқ вақт олади, шифокор ҳам, тиббий ёрдам машинаси ҳам банд бўлиб қолишига олиб келади. 

Шу боис юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш ва асоссиз чақириқлар сонини камайтириш мақсадида Миробод туман 7-тез тиббий ёрдам бўлими томонидан жорий йилнинг май ойида туман ички ишлар бўлимига мурожаат хати билан чиқилган. Натижада ушбу чақириқларнинг сони камайишига эришилмоқда», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top