18:34 / 02.11.2019
9
66319

«Ишла, ишла ва яна ишла». Муҳожирларнинг шиори, авиачипта нархлари ва ўзаро муносабатлар ҳақида

Kun.uz мухбири Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб, ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашди ҳамда уларни қийнаётган муаммолар, умуман, Туркиядаги мигрантлар ҳаёти, авиачипталар ва албатта ватандан иш қидириб кетишга сабаб бўлган бош омил ҳақида, Ўзбекистонга қайтиш учун қандай шарт-шароитлар тақдим этилиши хусусида суҳбат ўтказди.

Суҳбатнинг биринчи қисми аввалроқ эълон қилинган эди. Энди эътиборингизга меҳнат мигрантлари билан суҳбатнинг тўлиқ талқини ҳавола этилади. Ватандошлар билан суҳбатлар куннинг турли вақтларида бўлди, аммо бир хил саволлар билан олиб борилди, сўнгра улар мавзулар бўйича монтаж қилинди.

Туркияга келишга кимни нима мажбур қилди?

— Фарзандларимиз келажаги, уй-жой қуриш. Ҳеч ким бизни мажбурлаб кет,демади. Оиламизни оёққа турғазиш, далда бўлиш мақсад. Хўжайини йўқ аёл киши нима қила олади фарзандлари учун?! Аёл киши бўлиб, ўзимиз ҳаёт учун курашишга келдик. Биз ўзимизнинг кучимиз билан, ота-онамизнинг тарбияси билан катта бўлдик. Ленин айтардики, ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш, деб. Бизнинг Туркиядаги шиоримиз ишла, ишла ва яна ишла.

— Ўзбекистонда 10 йил амалиётчи ҳамшира бўлиб ишладим. Эрталаб ишга кетамиз, эртасига уйга келамиз. Эшакдай ишлайсиз, бир ойлик маошни оласиз, КРУдан келди, СЭС келди, унга пул, мунга пул йиғди-йиғдилари билан 400-500 мингдан ортиқ пул қолмайди. Фарзандларимиз учун шу ердаман. Қизим 17 ёшга кирди. Тошкентда пулингиз бўлса ўқийсиз, бўлмаса йўқ. Барибир озгина маблағингиз бўлмаса, мен ўзим ҳам ўқиганман, аълочилар қолиб кетарди, иккичилар кириб кетарди.

Суҳбатдошлардан бири невараларининг тўйини кўриш орзуси ҳақида сўз очди.

— Менинг икки келиним ва икки ўғлим бор. 4 ўғил, бир қиз неварам бор, невара тўй кўрай дейман. Уларнинг тўйини қилай дейман.

Тўй фақат ўзбекнинг орзу-ҳавасими, ёки бутун дунёда ҳам шундай қиладими?

— Фақат ўзбекнинг орзу-ҳаваси. Туркларнинг ҳам тўйига бордик, мисол учун, хонада фақат ичимликлар. (Буларда) бизга ўхшаб саккиз бер, тўққиз бер деган нарса йўқ, овқат бериш, қарз тўлаш учун Туркияга келиб яшашмас. Ҳаммаси уй-жой олиб, дам олишга кетади, бир ойга, масалан асал ойига. Бизникилар, қарз тўла, ҳой дадаси, мана шунча қарз бўлибмиз, деймиз, қарз тўлаймиз фақат.

Суҳбатни меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат шароитлари мавзусига буриб,  уларнинг нима учун Туркияга келиб ишлашга қарор қилганликлари, бунинг сабаблари, оилавий шароитларига қизиқамиз.

Ўзбекистонга қанча ойлик берганда кетган бўлардингиз?

— Тикувчилик қиламан. Бу ерда 400 доллар топаётган бўлсам, Ўзбекистонда 200 доллар ҳам тополмайман. Меҳнат бир хил, аммо иш ҳақи юқори. Шунинг учун ҳам (ватандан) чиқиб кетасиз. Чунки, вақт ўтиб кетаверади. Бекорга вақт ўтказишнинг нима кераги бор. Биров уни қайтариб бермайди. Кейинчалик, янаям мукаммал бўлсангиз, 2-3 йилдан сўнг, маошингиз 1000 долларга бориши мумкин. Ўзбекистонда бундай имконият йўқ.

— Мен ўзим акушеркаман. 9 йил шу соҳада ишлаганман. Ўзбекистонда уй ҳам ололмадим. Ойлик кам, бола-чақа бор, етмайди. (Бу ерга) уй олиш учун келганман. Туркияда энг кам иш ҳақи 2 минг TL (турк лираси). Бу 400 доллар атрофида. Бизда ҳам маошни шу қадар қилиб қўйишса, бошқа мамлакатга бориб ишламайди ҳам.

Нима учун ўзбек меҳнат муҳожирлари ҳужжат қилишмайди? Нега эътибор беришмайди шу масалага?

— Масалан, мени кутиб олган танишим, «ўтирим изни» (Туркияда қонуний яшаш рухсатномаси) қиласизми, деб сўрайди. Қанча кетади, десам, 1,5 минг дейди. 1,5 мингга мен болаларимга нарса юбораман, қилдирмайман, қўявер, юравераман, деб қунт қилмаймиз. Ўзимизда айб.

— Бу ерга илк келган одам «ўтирим изни» расмийлаштириши керак. Бундан 2-3 йил, кўпроқ йиллар олдин келганлар бунга эътибор беришмаган. Рухсатсиз юраверишган, олти ой, бир-икки йил. Ўн йиллаб, ҳатто биометрик паспортдан олдинги паспорт билан юрган ватандошлар бор. Улар Ўзбекистонга кетиб, хорижга чиқиш паспорти билан келишса, кейин бу ерда ҳужжат қилиш мумкин.

Ўша яшаш учун рухсатнома олганидан кейин бемалол юриш мумкин. Бироқ, ишлашга рухсат бермайди бу ҳужжат. Ишласангиз ҳам ноқонуний ишлайсиз. Ишлаш учун рухсатнома (чалишма изни) патентга ўхшаш нарса, ишлашга рухсат беради. Иш берувчи розилигида Меҳнат вазирлигига ҳужжат топширган ҳолда, давлатга ойма-ой тўлов туради. Кўпчилик ватандошларимиз айни шу ҳужжатсиз ишлагани учун ушланса, мамлакатга депортация қилинмоқда. Энг катта муаммо шу бугунги кунда бу ерда. Ноқонуний ишлашга умуман йўл қўйишмаяпти.

— Бир йил олдин ҳужжатга талаб йўқ эди. Ишга кирсангиз ҳам ҳужжат сўралмас эди. Ҳозирда қаерда ишлашидан қатъи назар, туркларнинг ҳам хорижликларга ишончи йўқолдими, билмайман, ҳужжат сўрашяпти. Полиция нафақат ўзбеклар, балки барча хорижликларни текширмоқда. Ноқонуний қолганларни Туркиядан чиқариб юбормоқда. Энди ҳамма, хоҳлайдими-йўқми, пули борми-йўқми, ишлаш нияти бўлса ҳужжат қилиши керак бўлади.

— Ўзбекистонда Туркияда ишлаётганлар ойига 400, 500 ёки 700 доллар топяпти, деган фикр мавжуд. Бу бўлмаган гап. Ҳар жойда бор тош-у тарози дейишади, бу ерда яшаш Ўзбекистондан ҳам қийин. Масалан, бир ҳафталик ишга 100 долларга келишасиз, 30-50 доллар бериб қўяди. Ҳақингизни талаб қилсангиз ўзининг мамлакати ё бўлмаса 10 кишилаб келади. Ҳужжат қилишга қурбимиз етмагани боис, полицияни чақириш билан ҳам таҳдид қиладиганлари ҳам бор.

Демак, ишлатиб иш ҳақини бермасдан жавоб бериш ҳолати ҳам бўлиши мумкинми?

— «Мумкинми» эмас, шундай бўлган. Биз кимга бориб мурожаат қила оламиз?

Шикоят қилайлик десак, қўлимизда ҳужжатимиз йўқ. Полиция ҳам ҳужжат сўрайди. Ҳужжатимиз бўлмаганидан сўнг, ичкарига (қамоққа) олади. Келган вақтларимизда жуда қийналганмиз. Ўзига яраша қийинчиликлардан ўтганмиз.

Улар Туркиядаги меҳнат мигрантлари бўлиб ишлаётган аёллар ҳақида турли хил асоссиз уйдирмалар, баъзи ҳолларда туҳматдан иборат гап-сўзларга ҳам муносабатларини билдиришди.

— Бор шунақа қизларимиз ҳам. Ўз кўзим билан кўрганман ишдан қайтаётганда ёши катта туркларнинг тиззасига ўтириб олган ўзбек қизларини. Аммо биттанинг касрига мингтаси қолиб кетмоқда. Ҳалол ишлаётганлар кўп.

Мулоқот давомида туркиялик суҳбатдошимиз ҳам айни мавзуга тўхталар экан, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

— Бир нарса аниқки, қанчалик инкор этманг, ўзбекларнинг кўпчилиги (аёлларни назарда тутмоқда) бу ерга ёмон иш қилиш истагида келади. Беш бармоқ бир бўлмас. Бизда ёмонлар йўқми? Бизда ҳам ёмонлар кўп. Сизлардан келганларнинг юздан саксони бошқа мақсадларда келади. Мен пулни у-бу йўл билан топай, дея мақсад қилишмайди. Уларнинг юздан етмиши у ёқда ҳам шу ишни қилиб юрган бўлади. Ўша ифлосликлар билан бу ерда кўпроқ пул ишлашни истайди. Яна 10 фоизи бу ерда бузилади. Қолган 20 фоизи ўзларини сақлаб қолади ёки йўқ. Қанчалик инкор қилсалар-да ҳақиқат шу.

Суҳбатимиз Туркияда меҳнат қилаётган ўзбек меҳнат муҳожирларининг ўзаро муносабатлари мавзусига кўчади.

— Мен адашиб қолдим. Тил билмайман. Тил билмагандан кейин ўзбекдан сўрайсизми? Бир ўзбекни кўриб қолиб сўрасам, вақтим йўқ гаплашишга деб кетворди. Туркдан ўзбекчалаб сўрасангиз, манзилни айтиб қўйсангиз ҳисоб-да, вақти бўлса обориб қўяди. Ўзбеклар орасида оқибат йўқ.

Меҳнат муҳожирларининг таъкидлашларича, ўзбекларни, асосан, ўз ватандошлари, яъни у ерларда жойлашиб олган ўзбеклар алдайди.

— Ҳужжат тўғрилашга эътиборсизлик ҳам ўз ўрнига, кўпчилик алданиб қолишдан қўрқади. Неча киши сохта ҳужжат тайёрловчиларга дуч келган. Бу нарса (сохта ҳужжат қилувчилар) мигрант кўп бўлган ҳамма давлатда бор. Ҳатто, самолёт чиптасини сохталаштириб сотишмоқда. Қанчаси алданиб, пулига куйиб қолди.

— Ҳа, тўғри. Мана яқингинада бир танишим Ўзбекистонга кетди. Чиптани Кумкапидан олганди. Аэропортга борса, чиптаси компьютердан чиқмаган. Кейин, мажбур 200 долларга, ўша кунга жой бор экан, янги чипта харид қилиб кетди.

Ватандошларимизга авиачипталар ҳақида савол бердик. Улар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва Қозоғистон авиакомпаниялари таклиф қилаётган нархлар ўртасидаги тафовут ҳақида сўзлашди.

— «Ўзбекистон ҳаво йўллари» чипталари жуда қиммат. Яқинда даволанишга бориб келишимга тўғри келди. Бориш учун 405 долларга чипта олдим. Қайтишимга 300 доллардан ошиқ бўлди.

— Негадир, Қозоғистоннинг Олмаота ёки Чимкент шаҳарлари орқали учсангиз, қарийб тенг ярмига арзонроққа чипта харид қилиш мумкин. Масалан, 3 кун кейинга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ёки «Турк ҳаво йўллари»дан чипта олсангиз, 600 доллардан арзонга топиш амримаҳол. Чимкентга учадиган бўлсангиз, 3 кун кейинга 200 доллар атрофида. 

Кимлар осонгина иш топа олади, юқори маошли иш топиш имконияти борми, деган савол билан мурожаат қиламиз.

— Яна бир нарсани айтмоқчиман. Қўлида ҳунари бор ватандошларимизнинг иш топиши муаммо бўлмайди. Кимдир ошпаз, кимдир электрик. Кимдир мусаввир ёки яхши бўёқчи, сувоқчи. Касби бор, ҳунарини яхши бажарадиган бўлиш керак. Турклардан кўп маош оладиган ўзбеклар ҳам бор. 6000 лира – 1000 доллардан зиёд бўлади, шунақа маош оладиган ватандошларимиз ҳам бор.

Муҳожирлар ҳаётини енгиллаштириши мумкин бўлган таклифлар ҳам билдирилди.

— Ҳаммаям бу ерга ишлагани келавермайди. Дам оладигани бор, лекин барчаси ҳам турк тилини билиб келмайди. Таклифим, аэропортда туркчани мукаммал биладиган инсонларни қўйишса. Яна бир нарсани илтимос қилардим, бу ерда иш топиб берадиган турк ширкатлари бор. Худди шундай ўзбекларга қарашли ширкатлар бўлишини хоҳлардим. Мисол учун, турк ширкатлари темизлик-тозалашга боргин, деб ишга юборади, лекин у ерда зўрланган қизлар ҳам бўлади. Эшикни ёпиб қўйиб, билганини қилади. Айримлари паспортингни олиб кел, деб олиб қўяди. Бирор жойга шикоят ҳам қила олмайди. Айтмоқчиманки, иш топиб берувчи, шу каби вазиятларга тушиб қолганларнинг ортида турадиган ширкатлар бўлиши хоҳлайман.

Истанбулда Ўзбекистон консуллиги бор. Уларнинг вакиллари билан шу ердаги ўзбеклар ўртасида бирор учрашув бўлдими?

— Умуман бўлгани йўқ. Бизнинг ҳолимиздан хабар оладиган одам йўқ. Ўламизми-қоламизми, ўзимиз учун курашамиз. Касал бўлсак ҳам ўзимизни ўзимиз даволаймиз. Рус дорихонаси бор, шу ердан дори олиб, бир-биримизга укол қиламиз, шу билан бўлди. Шифохонага борсак қиммат.

Бу ерга келиб ютган нарсаларингиз нима?

— Мен олган қарзларимдан қутулдим. Битта қорамол олдим. Аммо йўқотган нарсаларим кўп бўлди. Мен боламнинг тарбиясини ютқаздим. Фарзандим касал бўлганида (иккинчиси) бир кўролмаган эдим. 2 йилдан буён бу ердаман. 3 йил меҳр беролмадим.

— Мен хурсандман, президентларимиз шундай йўлни очиб қўйганидан. Нима қилиш кераг-у, нима қилмаслик кераклигини ўргандим. Ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бордим. Тўғри-нотўғри йўлнинг фарқига бордим. Яхши ва ёмон одамларни ажратадиган бўлдим. Қайси йўлдан юрсам, манзилимга тезроқ, тўғри етиб боришимни ўйлаб кўриш имкони бўлди. Йўқ, мен ютқазмадим, ютдим Туркиядан.

Хуллас, Туркиядаги ватандошларимизнинг сўзларини тингладингиз. Булар ўзбек меҳнат муҳожирлари оламидан бир парча холос. Хўш, Туркиядаги ватандошларимиз дуч келаётган муаммолар нималардан иборат?

1.    Мигрантларнинг ўзи бораётган хорижий мамлакатда қонуний яшаш, меҳнат фаолияти олиб боришга доир ҳуқуқий маълумотларга эга эмаслиги;

2.    Қонуний яшаб, ишлашнинг ҳуқуқий-ижтимоий фойдаларига эътиборсизлик;

 3.    Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам бера оладиган консалтинг хизматларига ўхшаш хизматларнинг мавжуд эмаслиги;

4.    Ўзбекистоннинг Туркиядаги консулликларида штат бирликларининг камлиги;

5.    Хорижда 6 ойдан кўп муддатга қолишни режалаштирган ўзбекистонликларнинг Ўзбекистон элчихонаси консуллик хизматида рўйхатдан ўтишса, турли ҳуқуқий томондан ёрдам кўрсатилиши қулайлашига доир маълумотга эга эмаслиги;

6.    Авиачипталарнинг бозордаги ўртача нархдан қимматлиги.

Албатта, юқоридаги рўйхатни анча давом эттириш мумкин. Шу ўринда таъкидлашни истардикки, сўз борган айрим масалалар ўта шахсий муаммолар каби туюлса-да, аслида ҳар бир инсон ўзбек жамиятининг бир бўғини эътиборидан меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ масалаларни айнан кичик кўринган муаммоларни ҳал этишдан бошлашимиз зарур. Бунда барча бирдек ҳаракат қилиши, ташаббус кўрсатиши мақсадга мувофиқ бўлар эди, назаримизда.

Толиб Раҳматов
Kun.uz мухбири

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top