21:43 / 04.11.2019
3
22986

Ғалати қарор: Ўзбекистон  – Қирғизистон ўртоқлик ўйини ТВ орқали намойиш қилинмайди

Ўзбекистон миллий жамоаси 9 ноябрь куни Тошкентда Қирғизистон миллий жамоасига қарши ўртоқлик ўйинини ўтказади.

Бу баҳс орқали футболчиларимиз ЖЧ-2022 саралашидан ўрин олган Саудия Арабистони (14 ноябрь) ва Фаластинга (19 ноябрь) қарши ўйинларга тайёргарлик кўришни мақсад қилган.

Tribuna.uz манбаси маълумотига кўра, Қирғизистонга қарши ўтказиладиган ўйин ТВ орқали трансляция қилинмайди. 

«Бу бош мураббий Вадим Абрамовнинг истаги. У Саудия Арабистони вакилларининг жамоамизни ўрганиб олишини истамаяпти. Ўртоқлик ўйинида унинг ўз ўйланмалари бордир-ки, шундай қарорга келган. Марҳамат, стадионга боринглар, мухлислар», - деб хабар берди манба.

Қизиғи шундаки, Ўзбекистон – Қирғизистон ўйинини ТВ орқали намойиш қилинмаслиги тўғрисида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси сайтида ҳеч қандай хабар йўқ. Аммо ўйиннинг чипталари сотувга чиққани ҳақида хабар бор. 4 ноябрь ҳолатига чипталарни онлайн тарзда 5 минг, 10 минг ва 35 минг сўмга сотиб олиш мумкин.

Футбол ўйинларини «ёпиқ эшиклар» ортида ўтказилиши, ТВ орқали намойиш этилмаслиги, мураббийларнинг ўз тактикаси ва режасини рақибдан сир сақлаш учун шундай қилиши янгилик эмас. Аммо у ҳолда мухлисларни ўйинга киритишдан маъно нима? Наҳотки биз ишлатган ҳийлани рақибимиз Саудия Арабистони ҳам ишлата олмаслигига ишонсак? Уйимизга ўғри тушмасин деб эшикларни тамбалаяпмиз, аммо деразаларни очиқ қолдиряпмиз-ку?!

Шу ўринда ўз тактикаси ва режаларини рақибдан қандай яшириш борасида Юрген Клоппдан «маҳорат дарси»ни келтирамиз.

The Times журналисти Дункан Каслс хабарига кўра, «Ливерпуль» клуби «Тоттенҳэм»га қарши Чемпионлар Лигаси 2018/19 мавсуми финалидан олдин ёпиқ режимда, ўта махфий ҳолатда «Бенфика»нинг ёшлар жамоасига қарши назорат ўйинида иштирок этган. Бу баҳснинг қайси санада ўтказилгани ва ҳатто ҳисоб қандай бўлгани ҳам маълум эмас.

Ёпиқ режимда ўйин ўтказиб, натижага эришишга миллий жамоа собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян ҳам уриниб кўрган эди. 2017 йил август ойида ЖЧ-2018 саралашидан ўрин олган Хитойга қарши муҳим баҳсдан олдин, Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Қирғизистонга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган. Унга мухлислар киритилмаган, ТВ орқали ҳам намойиш қилинмаган. Бироқ, миллий жамоа Хитойга қарши ўйинда 0:1 ҳисобида ютқазган. 

Нурмуҳаммад Саид

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top