Осиё кубоги-2023 тобора ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Бугун, 30 январ куни Ўзбекистон миллий жамоаси нимчоракфинал доирасида Таиландга қарши саф тортади. Ушбу рақиб мусобақада дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган ягона жамоа саналади.

Саралашдаги рақиб

Ўзбекистон миллий жамоаси бугунги рақиб – Таиланд билан сўнгги ўйинини 2022 йилнинг 14 июн куни Осиё кубоги саралаши доирасида Наманганда ўтказган ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Қатардаги финал босқичига пешқадам сифатида йўлланма олганди. Водийда ўтган саралаш ўйинида Жалолиддин Машарипов ва Азизбек Турғунбоевнинг голи вакилларимизга ғалаба келтирганди. Ўзбекистон гуруҳ босқичида Шри-Ланка (3:0), Малдив (4:0) ва Таиландни (2:0) мағлуб этган ҳолда Осиё кубогига йўлланма олган бўлса, Таиланд гуруҳда 6 очко билан 2-ўринни эгаллаб, турнирда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Қатарда гол ўтказиб юбормаган ягона жамоа

Таиланд миллий жамоаси Осиё кубоги-2023 турнирида F гуруҳидан ўрин олиб, Саудия Арабистони (0:0), Уммон (0:0) ва Қирғизистон (2:0) билан баҳсларда бир ғалаба ва икки дуранг қайд этган ҳолда гуруҳда Саудиядан кейинги 2-ўрин билан нимчоракфинал босқичига йўлламани қўлга киритди. Эътиборлиси, япониялик мураббий Масатада Исии бошқарувидаги жамоа ушбу турнирда ҳозирча ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормаган ягона жамоа бўлиб турибди. Ўзбекистон бу борада турнирдаги биринчи жамоага айланиши мумкин.

Рақиб жамоа ҳимояда анча тартибли ўйнай олишини Қирғизистон, Уммон ва Саудия Арабистонига қарши ўйинларда намойиш этган бўлса-да, ҳужумкорлик масаласида етарлича муаммоларга эга. Таилар қирғизларга қарши баҳсда Жайдеднинг дубли эвазига ғалаба қозонгач, сўнгги икки баҳсда Уммон ва Саудия дарвозасига йўл топа олишмади.

Таркиблар баҳоси: Ўзбекистон Таиланддан қимматроқ

Ўзбекистон миллий жамоаси таркибининг номдорлиги жиҳатдан Таиланддан устун. Буни Transfermarkt порталида икки жамоа ўйинчиларининг қийматини таққослаб ҳам билиш мумкин. Хусусан, Ўзбекистон миллий жамоасининг умумий қиймати 25,5 миллион еврони ташки этса, Таиланд бу борада 10,05 нархга эга.

Футболчиларнинг алоҳида трансфер баҳоси бўйича ҳам ҳамюртларимиз устунликка эга. Аббосбек Файзуллаев миллий жамоамизнинг айни пайтдаги энг қимматбаҳо ўйинчиси саналса, рақиб таркибида жамоа тўпурари бўлиб турган Супачаи Жайдед энг қиммат футболчи саналади.