Мустақилликнинг илк йилларида миллий жамоанинг Ҳиросимадаги илк ўйинини эслайман. 90-йиллар бошида АҚШда шов-шув кўтариб, Нидерландия ва Белгия каби жамоаларга қарши муносиб тўп сурган Саудия Арабистони устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган эдик. Шу пайтгача собиқ иттифоқда юрган футболимиз учун Осиё ўзига яраша экзотика эди, табиийки, бундан буёғи шундай бўлиши, Ўзбекистон Осиёнинг энг зўрларидан бири бўлишига ишонардик.

Кейин билсак, Осиё ўйинларига бўлган муносабат қитъа «шерлари» учун ҳаминқадар экан. Бу турнир ҳам, қисман икки йил ўтиб биз гуруҳдан чиқа олмаган Осиё кубоги ҳам, аслида бизга ушалмас орзуга айланган жаҳон чемпионати саралаши учун тайёргарлик сифатида кўрилар экан.

Шунча йил ўтди ва ўтган ҳафталарда миллий жамоанинг Осиё чемпионатидаги саккизинчи иштирокига гувоҳ бўлдик. Жамоамизга ўз тарихидаги энг яхши натижа бўлмиш ярим финалга чиқишни такрорлаш учун Зафармурод пеналти тепишда югуришга эринган икки қадам етмай қолди.

Майли, ўттиз йил олдинги хатони такрорлаб, келинг, бу натижани жиддий олиб, фожиа ясамайлик-да, катта жамоалар каби, турнирга бошқа ракурсдан қараб кўрамиз ва кейинги мусобақалар учун биз сезган ижобий жиҳатлар ҳақида сўз юритамиз. Албатта, ундан олдин, уларга бироз танбеҳ бериб, футбол жамоатчилигида энг кўп тилга олинган эътирозларни тилга олиб ўтамиз. Ахир ёмон хабарлардан бошлаш керакки, охирида мақоламиз сарлавҳаси каби позитив нуқтада хайрлашамиз.

Эътирозлар

Биринчи эътироз, таркибни танлаш, у ёки бу футболчини алмаштириш ҳақидаги фикрлар. Бу тарздаги танқидларнинг давомли тус олишига, албатта, Сурияга қарши биринчи ўйиндаги ҳолатлар ҳам сабаб бўлди. Эсингизда бўлса, Катанецнинг бошланғич таркиб ва тактикасидан кўпчилик ҳайрон бўлди, турли бошқача таклифлар берилди ҳам. Ўша ўйиндаги ўзгартиришлар ва Ҳиндистонга қарши танланган футболчилар гўёки, мураббий эмас, эътироз билдирган журналист ва мухлислар ҳақ бўлгандек кўрсатиб қўйди. Ростан ҳам, Ўрунов марказий ҳужумга бошқа қўйилмади, Файзуллаев асосий таркибдан жой олди ва ҳоказо.

Аммо бу турдаги тузатишлар иш муҳитида тамоман нормал ҳолат эканини таъкидлаш керак. Табиийки, тайёргарлик учрашувлари ва машғулотлар расмий турнир муҳитини, юклама ва босимини бермайди. Мураббий у ёки бу режани мусобақа олдидан синаб кўриши, аммо амалда, баъзи футболчиларнинг ўртоқлик учрашувлари ёки машғулотлардаги сифатни тақдим этишга қодир эмаслиги қачонки, расмий ўйинда синаб кўрилсагина билинади. Ёки баъзи футболчилар аслида пастроқ савияда бўлиши мумкин, аммо айнан бир турнирда кутилмаганда ва тушунарсиз сабаблар билан порлаб кетади. Ўша «кураж»ни ушлаган футболчига мураббий имконият беришда давом этади ва режаларни ўзгартириб бўлса-да, руҳан тайёр футболчиларга суянишда давом этади.