23:43 / 05.11.2019
1
15678

Қозоғистонда уч ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 5 йиллик қамоқ жазоси олди

Қозоғистоннинг Жамбил областида 11 кишининг ҳаётига зомин бўлган йўл-транспорт ҳодисаси сабабчиси бўлган ҳайдовчига жазо ҳукми чиқарилди.

Фото: Tengri News

Бу ҳақда Zakon.kz нашри хабар берди.

Жорий йилнинг 20 апрелида Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Қордай туманидаги «Тошкент-Олмаота» трассасининг 181-километрида маҳаллий вақт билан тонгги соат 05:09 да 49 нафар йўловчини олиб кетаётган Van Hool русумли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берганди. 

Автобус ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда Toyota Camry машинаси билан тўқнашиб кетган ва оқибатда бошқарувни йўқотиб, автобуснинг ағдарилишига йўл қўйган. Фожиа оқибатида 11 киши, жумладан 8 нафар Қозоғистон, 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.

Қордай туман судининг маълум қилишича, ҳайдовчи Қозоғистон Жиноят кодексининг “Транспорт воситасини бошқарган шахс томонидан эҳтиётсизлик туфайли 2 нафардан кўпроқ кишининг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати қоидабузарлиги” моддаси бўйича айбдор деб топилган. 

Айбланувчи ўз айбини тан олиб, пушаймонлигини билдирган. Суд айбланувчининг чин дилдан пушаймонлигини, яшаш жойидан у ҳақида ижобий тавсифнома олингани, аввал судланмаганлигини ҳисобга олиб, 7 йиллик муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йиллик қамоқ жазосига тортган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top