Жамият | 12:54 / 07.11.2019
7698
2 дақиқада ўқилади

Краснодарда ЙТҲга учраб, жуда жиддий жароҳат олган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консуллиги берган маълумотларга кўра, Россия Федерациясининг Краснодар ўлкасида меҳнат миграциясида бўлган 5 нафар фуқаро ЙТҲга учради. 

ЙТҲга учраганларнинг 2 нафари ҳалок бўлган. Улардан бир нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. 3 нафар фуқаро эса Темрюк касалхонасига етказилган. Берилган маълумотларга кўра, мазкур фуқароларнинг 2 нафари бироз аҳволи яхшилангач Ўзбекистонга қайтиб келишган. 

Бироқ, 1985 йил Наманганда туғилган Равшан Тўхтаматов жуда жиддий жароҳат олган бўлиб, унда суяк синишлари, ички аъзоларининг лат ейиши, миясида жиддий жароҳат ҳамда гематома борлиги аниқланган. “Ётоқ” беморини самолётда Ўзбекистонга етказишни ҳеч бир рейс хоҳламаган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси Ўзбекистон фуқароси Равшан Тўхтаматовни юртимизга қайтариш йўлида бирлашди. Бемор 5 ноябрь куни Ўзбекистонга олиб келинди.

Беморнинг турмуш ўртоғи Эъзоза Маматовага кўра, Равшан Тўхтаматовга у Ўзбекистонга етиб келгунгача бўлган муддатда Ўзбекистоннинг Ростов-Дондаги бош консуллиги ёрдам кўрсатган, вазиятни назоратга олган.

Маълумотларга кўра, беморнинг Ўзбекистонга қайтарилишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси томонидан, истисно тарзида, Равшан Тўхтаматовга “ётоқ” жой ҳамда унинг ҳамроҳлари учун жами 9 та ўрин ташкилот ҳисобидан ажратиб берилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назорат қилувчи ҳамда парвоз пайти унга ҳамроҳлик қилуви махсус шифокорни сафарбар этган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги беморни махсус замбилда Тошкент аэропортидан Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказига етказган.

Ҳамроҳ шифокорнинг сўзларига кўра, бемор парвоз маҳали ўзини яхши қилган. Қон босимида ўзгаришлар кузатилмаган.

Мавзуга оид