13:53 / 09.11.2019
3
9678

«Бугун барча масалаларни давлатнинг ўзи ҳал қила олмайди» — Содиқ Сафоев ижтимоий муаммолар ҳақида

Ижтимоий инвестицияларнинг тизимини ривожлантириш, давлат-хусусий ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича қабул қилинган қонун тўлақонли ишлаб кетди, деб айта олмаймиз деди Содиқ Сафоев ижтимоий инвестициялар киритиш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбатида.

8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирокида Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилган ижтимоий инвестициялар киритиш соҳасида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда АҚШ Колумбия университетининг халқаро ва ижтимоий муносабатлар соҳасидаги амалиётчи профессори, Нью-Йорк шаҳридаги «Picker Center» раҳбар кадрлар тайёрлаш маркази асосчиси ва директори Уильям Эймике бошчилигидаги делегация вакиллари иштирок этди.

Уильям Эймике

Содиқ Сафоев томонидан очилган йиғилишда қатнашчилар ва хорижлик меҳмонлар таништириб ўтилди ва ижтимоий муаммолар бўйича фикр билдирди.

Содиқ Сафоев

«Бугунги учрашувимиздан мақсад ижтимоий инвестицияларнинг тизимини ривожлантириш, давлат-хусусий ҳамкорлигини кенгайтиришдан иборат. Бизда бу масалада қонун қабул қилинди. Лекин бу қонун тўлақонли ишлаб кетди, деб айта олмаймиз. Ҳозирда муаммолар бор. Уларни биргаликда таҳлил қилишимиз керак. Ижтимоий инвестициялар ва давлат-хусусий ҳамкорлик масалалари нотенглик, қашшоқликка қарши кураш, озиқ-овқат хавфсизлиги, коррупцияни йўқ қилиш, соғлиқни сақлаш тизими, таълим, шу жумладан, олий таълим тизимини ривожлантириш энг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Жамиятнинг тараққиёти шуни кўрсатяптики, бугун давлатнинг бир ўзи барча масалаларни ҳал қила олмайди. Бу ерда хусусий сектор ҳамда фуқаролик жамиятини жалб этиш керак. Бунинг усули айнан ижтимоий инвестициялар, давлат-хусусий шерикчилиги ривожлантиришдир», — деди Содиқ Сафоев.

Тадбир иштирокчилари ижтимоий инвестициялар жамиятдаги айрим энг мураккаб вазифаларни ҳал этишнинг янги усули эканлигини таъкидлади. Гарчи ҳозирги вақтдаги кўпчилик муаммолар, жумладан ижтимоий нотенглик, арзон уй-жой етишмаслиги, коррупция, соғлиқни сақлаш етарли даражада ривожланмаганлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳал этилмаганлиги жуда катта ва жуда мураккаб муаммо бўлиб туюлиши мумкин бўлса-да, уларнинг ечими бор ва бунга давлат ва хусусий сектор, шунингдек хайрия жамғармалари ҳамкорлиги эвазига эришиш мумкинлиги тилга олинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top