18:30 / 12.11.2019
0
4078

Ўзбекистон Туркия билан соддалаштирилган божхона йўлагини ташкил этишни тезлаштирмоқчи

11-12 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари иштирокидаги Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди. 

Шу муносабат билан Ўзбекистонга Туркия Республикаси савдо вазири ўринбосари – божхона хизмати раҳбари Риза Тўна Турағай бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. 

Ташрифнинг илк кунида икки мамлакат экспертлари иштирокида ишчи йиғилишлари бўлиб ўтди ва унда Қўшма божхона кенгашининг дастлабки йиғилиши кун тартибидан жой олган муҳим масалалар муҳокама қилинди.

12 ноябрь куни эса Давлат божхона қўмитаси раиси Муротжон Азимов ва Туркия Республикаси савдо вазири ўринбосари – божхона хизмати раҳбари Риза Тўна Турағай иштирокида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгашнинг илк йиғилишида ўзаро ҳамкорликнинг янги қирраларини белгилаб берувчи қатор масалалар муҳокама қилинди. Бунда энг аввало, иккала давлат божхона хизматларининг шартномавий базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шу муносабат билан, Ўзбекистон томони иккала мамлакат божхона хизматлари ўртасида товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида дастлабки маълумот алмашишни ташкил этиш бўйича ҳамда статистика соҳасида услубий ва ахборот ҳамкорлик қилиш юзасидан шартномалар тузиш ташаббусини билдирди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида соддалаштирилган божхона йўлагини ташкил этиш тўғрисидаги халқаро шартнома лойиҳаси юзасидан ички келишувга доир зарурий тартиб-таомилларни ҳам бошлаб юбориш лозимлиги қайд этилди. 

Маълум қилинишича, келгусида товарларнинг божхона қийматини аниқлаш ва назорат қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ўзаро алмашиш бўйича ҳам ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.

Томонлар божхона соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш масалаларида ҳамкорлик қилиш бўйича Ишчи гуруҳ учрашувини ўтказишга, қисқа муддатда 2020-2021 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳаракатлар Режасини ишлаб чиқиш, унда асосий эътиборни контрабанда, гиёҳвандлик воситалари, одам савдоси ва бошқа божхона ҳуқуқбузарликларига қарши курашиш каби йўналишларга қаратишни келишиб олдилар. 

Туркия томони Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашидаги иштирокини мамнуният билан эътироф этди ва “Бир макон, бир йўл” ташаббусини самарали амалга оширишда “Карвонсарой” лойиҳасида иштирок этишга чақирди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, иккала томон 2020 йилда амалга ошириладиган ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаш ва уларни амалга оширишни тизимли ташкил қилиш мақсадида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркия божхона хизматлари раҳбарлари Қўшма божхона кенгашининг 1-йиғилиши баённомасини имзолашди. 

Ташриф доирасида Риза Тўна Турағай бошчилигидаги делегация аъзолари Давлат божхона қўмитасининг Божхона экспертизаси ва ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасини юритиш бошқармаси, “Божхона тарихи” музейи, Божхона институти ва Миллий кинология маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Кенгашнинг навбатдаги мажлиси 2020 йилда Туркия Республикасида бўлиб ўтади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top