21:12 / 13.11.2019
0
11461

Болалар миллий тиббиёт маркази шифокорлари чет элда малака оширмоқда

2020 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган Болалар миллий тиббиёт маркази шифокорлари чет элда малака оширмоқда.

«Айни кунларда пойтахтимизда барпо этилаётган Болалар миллий тиббиёт марказида қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Ҳозирда ушбу замонавий муассасани юқори технологик тиббиёт ускуналари билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 130,58 миллион АҚШ долларига тенг.

Мазкур тиббиёт марказини қуриш, энг сўнгги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш баробарида, малакали мутахассисларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Корея Республикасининг нуфузли Пусан миллий университети клиникасида 100 нафар мутахассисларимизнинг малакасини ошириш кўзда тутилган.

Бир муддат аввал 30 нафар ҳамшира бир ойлик ўқув курсини якунлаб қайтган эди. Куни кеча 19 нафар шифокор бир йиллик ўқув курсини тугатиб, юртимизга қайтиб келишди. Жорий йил 17 ноябрдан эса яна 20 нафар шифокор Пусан миллий университети клиникасида малака оширишни бошлашади ва бир йил давомида билим ва кўникмаларини янада оширишади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида малака ошириб келган ва малака оширишга юборилаётган шифокорлар билан учрашув ўтказилди. Унда юртимизда тиббиёт соҳасига илм-фан ва инновацияларнинг сўнгги ютуқларини кенг татбиқ этишга эътибор тобора кучаяётгани, бунда малакали кадрларнинг ҳиссаси беқиёс экани алоҳида таъкидланди.

— Юртимизда Марказий Осиё, қолаверса, МДҲ мамлакатлари орасида биринчилардан бўлиб барпо этилаётган Болалар миллий тиббиёт марказининг ташкил қилиниши тиббиётимизнинг катта ютуғидир. Бу марказда ишлаш учун танлаб олинган тиббиёт ходимларининг Корея Республикасининг энг нуфузли университети клиникасида малака оширишини ташкил қилиш келгусида халқаро стандартларга мос равишда болаларга ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имконини яратади, — деди Кореяда малака ошириб қайтган болалар инфекционисти Адҳамжон Маматқулов. — Малака ошириш учун юборилган гуруҳ таркибида тиббиётнинг хирургия, неврология, онко-гематология, урология, травматология-ортопедия, гастроэнтерология, неонатология каби ўнлаб йўналиш мутахассислари ўз соҳалари бўйича ташхислаш, даволашнинг замонавий ва инновацион усуллари, уларни қўллашда юқори технологик ускуналардан фойдаланиш борасида билим ва кўникмаларини ошириб қайтишди.

Шунингдек, ҳар биримиз ўз йўналишимиз бўйича кореялик мутахассислар билан алоқа ўрнатдик ва келгусида юртимизда улар иштирокида анжуманлар ва маҳорат дарслари ташкил қилишга, онлайн тарзда тиббиётдаги янгиликлар ҳақида билимларимизни алмашиб туришга келишиб олдик.

Шунингдек, мулоқотда Болалар миллий тиббиёт маркази учун келтирилаётган юқори технологик тиббий ускуналарни бир маромда ишлашини таъминлашга масъул 20 нафар техник ходимларнинг ҳам малакасини ошириш кўзда тутилгани қайд этилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, янги марказ 280 ўринга эга бўлиб, унда кунига 250 нафар беморни қабул қилиш ва биринчи йилида 1500 дан зиёд юқори технологияга асосланган операциялар ўтказиш кўзда тутилган. Ушбу замонавий шифохонада минг нафарга яқин малакали шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимлари фаолият юритиши режалаштирилган.

2020 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётган мазкур замонавий ва инновацион Болалар миллий тиббиёт маркази юртимиздаги бошқа тиббиёт муассасалари учун намуна бўлиши билан бирга, уларнинг изчил ривожланишига ҳам сабаб бўлиши шубҳасиз», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top