18:21 / 16.11.2019
5
44794

«Ўзбекистонда йилига 4 мингдан ортиқ киши ОИТСга чалинмоқда» – Баҳром Алматов билан суҳбат

Kun.uz марказий давлат органлари раҳбарлари билан соҳавий мавзулардаги интервьюларини давом эттиради.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов бўлди.

 – Нега санитария-эпидемиологик тармоқ иккига ажратилди?

 – Жорий йилнинг 9 сентябрида президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

 Унга мувофиқ, давлат санитария-эпидемиологик марказлари негизида иккита тизим – Назорат инспекцияси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги шаклланадиган бўлди.

 Шу пайтгача тизимнинг вазифалари битта органда мужассамлашган эди. Яъни ишлаб турган тизим ҳам ижро, ҳам бошқарув функциясини олиб борарди. Сабаби, соғлиқни сақлаш ташкилотига тааллуқли бўлган 5000дан ортиқ даволаш муассасалари ҳам эпидемиологик жиҳатдан катта аҳамиятга эга.

 ДСЭНМ Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида бўлгани учун ушбу муассасалардаги эпидемияга қарши ҳамда профилактик чора-тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, текшириш, уларни ўз вақтида бартараф қилиш ёки қарши курашишда турли муаммоларга дуч келаётганди. Бу тизимли муаммолар, «манфаатлар тўқнашуви» вужудга келганди.

 Шунинг учун раҳбариятимиз томонидан ушбу тизим чуқур ўрганилиб, Вазирлар Маҳкамаси қошида Санитария-эпидемиология назорат инспекциясини ташкил қилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибида ижро функцияси билан боғлиқ бўлинмалар, бу – эпидемияларга қарши курашиш бўлинмалари, иммунопрофилактика бўлинмалари, ташқи муҳит, инсонлардан ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан олинадиган намуналарнинг хавфсизлик кўрсаткичлари текшириладиган лабораториялар қолдирилиб, агентлик сифатида фаолият олиб бориши юзасидан топшириқлар берилди.

 – Ўзбекистондаги умумий эпидемиологик вазият бўйича маълумот берсангиз.

 – Бир нарсани таъкидлаш керак, ОАВда қандайдир касаллик тарқалгани ёки овқатдан заҳарланиш ҳолатлари ҳақидаги ахборотлар мунтазам тарқалиши эпидемиологик вазият ёмонлашганини англатмайди. Бундай ҳолатлар дунёнинг ҳамма давлатларида, ҳатто энг ривожланган давлатларида ҳам учраб туради. Аксинча, бундай ахборотлар билан биз аҳолининг эътиборини қаратишга ҳаракат қиламиз.

 Республикада амалга оширилаётган профилактик ва эпидемияга қарши комплекс тадбирлар натижасида 1991 йилдан 2018 йилга қадар ич терлама касаллигининг кўрсаткичлари 246,6 маротабага, сальмонеллёз 12,4, грипп касаллиги 9,8, юқори нафас йўлларининг ўткир респиратор касалликлари 6,8, вирусли гепатитнинг А тури 5,4, бактериал дизентерия 5,4 ҳамда ўткир ичак касалликлари 4,5 маротабага камайди.

 Қатор йиллар мобайнида дифтерия, қоқшол (столбняк) касалликлари қайд этилмади. Шунингдек, карантин ва ўта хавфли касалликларнинг Ўзбекистон ҳудудига чет давлатлардан кириб келиши ва тарқалиб кетишига йўл қўйилмади.

 2002 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистон полиомиелит касаллигидан ҳоли ҳудуд экани тўғрисида, 2018 йилда Ўзбекистонда безгак (малярия) касаллигининг маҳаллий ҳолатлари бартараф этилганлиги тўғрисидаги сертификати олинди. 2017 йилда эса ташкилотнинг Европа регионал бюросига аъзо бўлган 53та давлатлар ичида олтинчи бўлиб, Ўзбекистонга қизамиқ ва қизилча касаллиги элиминация қилинганлиги тўғрисида тегишли ҳужжат берилди.

 – ОИТС касаллиги тарқалиши билан боғлиқ вазият қандай?

 – Ўзбекистон бу мураккаб касаллик тарқалиши бўйича сўнгги ўринлардан бирида туради. Кўрсаткичларимиз нафақат қўшни давлатлар, балки ривожланган давлатларга нисбатан ҳам анча паст. Шунга қарамай, ҳамиша бу муаммога жиддий қараймиз. Чунки йилига 4000-4200 нафар киши бу касалликка чалинмоқда. Биз нафақат касаллик тарқалишини жиловлаш, балки унинг онадан болага ўтишини чеклашга ҳам эришдик.

 – Сиз раҳбарлик қилаётган агентлик қандай вазифалар ва ваколатларга эга?

 – Бугунги кундаги вазифаларимиз:

 ·        Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўта хавфли инфекциялар бўйича эпидемиологик назорат ҳамда профилактик ва эпидемияга қарши комплекс тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

·        аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

·        юқумли бўлмаган, юқумли, паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва санитария-гигиеник тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

·        юқумли ва паразитар касалликлар юзага келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган профилактик дезинфекция, дезинсекция, дератизация тадбирлари ўтказилишини ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

·        жамоат саломатлигини таъминлаш соҳасида потенциал хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқариш жараёнида хавф-хатарларни таҳлил қилиш ва илмий асосланган ёндашувлар асосида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги сиёсатни амалга оширишга кўмаклашиш;

·        барча ижтимоий гуруҳларни қамраб олган ҳолда фуқароларни санитария-гигиеник ўқитиш ва тарбиялашни ташкил этишга қаратилган амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали аҳолининг санитария маданияти даражасини ошириш ва ҳакозолардан иборат.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top