Жамият | 16:24 / 14.01.2022
50916
6 дақиқада ўқилади

Ҳалокатли занжир. Бухородаги ОИТС тарқалиши воқеасидан қандай сабоқлар чиқариш зарур?

Бухорода ўнлаб кишиларга ОИТС юқтирилиши ва беморларнинг гарданига ташлаб қўйилган «назорат»нинг аянчли оқибатлари ҳақида.

Ўтган йил охирида Бухорода фоҳиша аёл қирққа яқин эркакка ОИТС инфекциясини юқтиргани ҳақида хабар қилинди. Аёл қачон тузалмас бу касални юқтиргани номаълум, касалликнинг яширин даври ҳисобга олинса, аёлнинг ўзи ҳам буни билмаса керак.

Бухоролик аёл ОИТСга чалинганидан 2017 йилда хабар топган. Шундан сўнг қонунда белгиланган тартибда диспансер назоратига олинган ва касалликни била туриб бошқаларга юқтирмаслик ҳақида огоҳлантирилган. Лекин ўзгаларнинг кўнглини овлашни касб қилиб олган аёл бу огоҳлантиришга амал қилмайди.

Расмий маълумотда келтирилишича, аёл қарийб 4 йил давомида қирққа яқин эркакларга ОИТС инфекциясини юқтиргани аниқланган. Маълум бўлишича, фоҳишанинг хизматларидан фойдаланган эркакларнинг аксарияти оилали бўлган. Эрларининг шаҳвоний бузуқлиги касрига уларнинг бегуноҳ аёллари, айрим ҳолларда эса, ҳали туғилмаган гўдаклари ҳам ушбу бедаво дардга йўлиққан.

Расмий маълумотларда фоҳишанинг 4 йил давомида қирққа яқин эркакка ОИТС инфекциясини юқтиргани келтирилса-да, аслида рақамлар каттароқ бўлиши ҳам мумкин. Шунчаки тергов давомида аёл шунча сондаги мижозини эслай олган ва улар тиббий кўрикдан ўтганда касалликни юқтиргани тасдиғини топган бўлиши эҳтимоли юқори.

Бу фоҳиша хизматидан фойдаланган мижозлар кейинроқ бошқалар билан жинсий муносабат қилиши мумкинлигидан келиб чиқилса, у юзлаб, балки минглаб инсонларнинг ОИТСга чалинишига сабабчи бўлганини тахмин қилиш мумкин. Тасаввур қилиш қанчалик қўрқинчли бўлмасин, бу аччиқ ҳақиқат.

Касаллик аломатлари тезда юзага чиқмаслиги ва аксарият йилда камида бир марта бўлса ҳам тиббий кўрикдан ўтишга одатланмагани сабабли бухоролик фоҳишанинг хизматидан фойдаланган, аммо бедаво касалликка чалинганидан бехабар эркаклар яна ўнлаб, балки юзлаб соғлом одамларга ушбу касалликни юқтириб юрган бўлиши ҳам мумкин.

Бундан ташқари, зино кўчасидан юрмаган одамлар ҳам зинокорлар касрига қолиши ҳеч гапмас. Дейлик, тартибли ҳаёт кечирадиган эркак ёки аёл стоматолог хизматидан фойдаланди. Бироқ у ишлатган жиҳозлар яхшилаб стерилизация қилинмагани боис тиббий асбобларда қолган инфекция соғлом инсоннинг қонига ўтиши оқибатида у ҳам йўқ жойдан касаллик тарқатувчига айланиб қолиши, улар орқали ушбу дардга чалинувчилар занжири чўзилгандан чўзилиб бориши эҳтимолдан узоқ эмас.

Бухорода аниқланган ҳолат Ўзбекистон тарихидаги ягона ҳодиса ҳисобланмайди. Бунгача ўнлаб эркак ва аёлларнинг бедаво дардга чалинганини била туриб, уни бошқаларга қасддан юқтиргани билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланган (1, 2, 3, 4, 5)

Албатта, бундай қилмиш учун қонунчиликда жавобгарлик кўзда тутилган. Жиноят кодекси 113-моддасига кўра, била туриб, бошқа шахсни ОИТС юқтириш хавфи остида қолдириш ёки унга ОИТС юқтириш 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қирқдан ортиқ эркакка, улар орқали яна ўнлаб одамларга ОИТС инфекцияси юқишига сабабчи бўлган фоҳишанинг қилмиши ҳам жазосиз қолгани йўқ. Суд ҳукмига кўра, у 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ бу чора касалликни юқтириб олганларнинг дардига малҳам бўлолмайди.

ОИТСга қарши кураш маркази директори Қаҳрамон Йўлдошев 2020 йилнинг 1 ноябр ҳолатига Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси билан яшовчилар сони 43581 нафарни ташкил этишини маълум қилганди. 2021 йилда бу кўрсаткич қанчага ошгани ёхуд камайгани ҳақида маълумотлар йўқ.

Расмийларнинг айтишича, Ўзбекистонда ОИТС билан касалланганлар сони кўпайишида ишлаш учун чет элга кетган, у ерда бетартиб жинсий ҳаёт кечирган эркакларнинг ҳам ҳиссаси катта. Амалдаги тартибга кўра, уч ойдан ортиқ муддатда хорижда бўлиб қайтган шахслар ватанга қайтганидан сўнг ОИВ инфекцияси учун қон топшириши керак. Жойларда кўпчилик бунга амал қилмаслиги, айрим ҳолатларда бу каби ишлар пул билан битирилишини инобатга олсак, аҳоли орасида бу дардга чалинганидан бехабарлар сони кўп бўлиши мумкин.

Гарчи ОИТС инфекциясини юқтирганлар алоҳида рўйхатга олинса-да, назорат етарлича эмаслигини Бухородаги воқеа ҳам тасдиқламоқда. Демак, бу борадаги тартиб-қоидаларни қатъийлаштириш, ўзгалар ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган ҳолатларда беморлар ихтиёри ёхуд виждонига ҳавола қилиш билангина кифояланмаслик, аксинча, бу чоралар натижа бермаётганини тан олиб, ушбу дардга чалинганларни жамиятдан яккалаш устида бош қотириш зарур.

Шу билан бирга, касалликни қасддан бошқаларга юқтирганлик учун қонунчиликда кўзда тутилган жазо муддатини узайтириш орқали ҳам одамларни бу ҳаракатдан тийиб туриш мумкин. Зеро, Ўзбекистонда бундай қилмиш учун кўпи билан 8 йил берилса, бошқа давлатларда 2-3 баробар кўпроқ муддатли жазо тайинланади.

Дарвоқе, организмда иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликлар тарқалишига қарши курашиш билан боғлиқ харажатлар учун 2022 йилда давлат бюджетидан 95,4 млрд сўм ажратилиши белгиланган. Бу ўтган йилгига нисбатан қарийб икки баробарга кўпроқ. 2021 йилда айни мақсад учун 50,8 млрд сўм ажратилган эди. Ушбу маблағлар мақсадли сарфланиши, хўжакўрсинга ўтказиладиган тадбирлар ва бошқа фойдасиз ишларга сарфланмаслигига умид қилиб қоламиз.

Жамшид Ниёзов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид