Жаҳон | 10:39 / 18.11.2019
95118
2 дақиқада ўқилади

Туркманистонлик полициячилар ва божхоначилар Ўзбекистон билан чегара пунктида ўзаро муштлашиб кетди

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни Туркманистоннинг Дашогуз вилояти аҳолиси чегарадан Ўзбекистонга ўтадиган Шовот ўтказиш пунктида туркман полицияси ва божхоначилари ўртасида можаро келиб чиқди. Уларни ажратиш учун мамлакат Миллий хавфсизлик вазирлиги минтақавий бошқармаси ходимлари етиб келишган.

«Хроника Туркменистана» хабарига кўра, ҳар куни чегарадан ўтиш жойининг Туркманистон томонида бир неча юзлаб киши тўпланади. Навбатда турмаслик учун одамлар таниш полициячиларни қидиради ёки пул эвазига олиб ўтиш борасида келишишга ҳаракат қилади.

Бу сафар одамлар одатдагидан кўпроқ бўлганлиги сабабли, аввалига навбатда турган кишилар ҳамда навбатдан ташқари ўтиб кетмоқчи бўлганлар ўртасида, сўнг полициячилар ва божхоначилар ўртасида можаро келиб чиқди. Полициячилар (6-8 киши) божхона ходимлари жуда секин ишлаётганини айтишган, божхоначилар эса полиция тартиббузарлик келтириб чиқариш эмас, балки тартибни назорат қилиш билан шуғулланиши лозимлигини билдиришган.

Иш муштлашувгача бориб етди. Қўмондонлар можарони ҳал қила олишмади ва Миллий хавфсизлик вазирлиги вакили ўз ҳамкасбларини чақирди. Шундан кейингина махсус хизматлар ходимлари ажратилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, можаро ва ундан кейин юз берган муштлашув натижасида назорат-ўтказиш пункти иши тўхтатилган. 50дан ошиқ киши чегарани кесиб ўтолмади ва ўтиш жойида тунаб қолди. 

Мавзуга оид