Ўзбекистон | 19:09 / 20.11.2019
4746
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда бола ҳуқуқлари Конвенциясининг 30 йиллиги муносабати билан конференция ўтказилди

Тошкентда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ Конвенцияси қабул қилинганига 30 йил тўлгани муносабати билан илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Конференцияда Бош прокуратура академияси, Адлия вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари, ЮНИСЕФ мутахассислари, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Фото: Бош прокуратура академияси

Тадбирда сўзга чиққан ЮНИСЕФ минтақавий офисининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича мутахассиси Фенни Какама одил судлов орқали болалар ҳуқуқларининг ҳимояланишини таъминлаш, бу борадаги асосий муаммо ва ечимлар ҳақида сўз юритди.

«Болалар ўз-ўзидан жиноятчига айланиб қолмайди. Яшаётган муҳити, вазият уларни охир-оқибат қонун чегарасидан ўтишига сабаб бўлади. Албатта, ана шу омилларнинг эрта аниқланиши болани жиноятчиликдан сақлаб қолишга ҳисса қўшади.

Бола хулқ-атворининг оғир бўлишига уйдаги муҳит, у билан қаттиққўл муносабатда бўлиниши, яқинлари у билан тил топа олишмагани сабаб бўлади. Айрим мамлакатларда улар билан ишлаш чораси сифатида махсус ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштирилади. Аслида эса бу ёпиқ муассаса. Биз бу амалиётдан узоқлашишимиз керак. Бу болалар билан ижтимоий органлар шуғулланишлари керак. Мазкур ёпиқ муассасаларга жойлаштириб, уларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этишга ёрдам бермаймиз», – дейди Фенни Какама.

Фенни Какама ва Бош прокуратура академияси бошлиғи Евгений Коленко
Фото: Бош прокуратура академияси

ЮНИСЕФ вакили болалар билан ишлашда тўғри муносабатда бўлиш муҳимлигини қайд этди ва нутқини 2002 йилда БМТнинг махсус йиғилиши протоколида келтирилган, болалар томонидан айтилган сўзлар билан якунлади:

«Биз муаммолар манбайи эмасмиз. Ана шу муаммоларни ҳал қилиш ресурсимиз. Биз харажат эмас, сармоямиз. Биз бор-йўғи ёшлар эмас, инсон ва фуқаролар ҳаммиз».

Фото: Бош прокуратура академияси

Маълумот учун, бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция 1989 йил 20 ноябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 44-сессиясида қабул қилинган. Ҳужжатда болаларнинг шахсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари, уларни таъминлаш ва ҳимоялаш принциплари белгиланган.

Ўзбекистон мазкур Конвенцияга Олий Кенгашнинг 1992 йил 9 декабрдаги Қарорига мувофиқ қўшилган. Ҳужжат Ўзбекистон учун 1994 йил 29 июлдан кучга кирган.

Мавзуга оид