Ўзбекистон | 12:25 / 24.11.2019
5077
5 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси мажлисларидан бирини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди

22 ноябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Таврия саройида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг 50-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда 11та модель қонун ҳужжати қабул қилинди. Тадбир якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон парламенти аъзолари делегацияси номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева сўзга чиқди.

Сенат раиси Ўзбекистон Парламентлараро Ассамблеяни муҳим парламентлараро бирлашмалардан бири деб ҳисоблаб, унда ўз аъзолигини тиклагани, бу эса мазкур бирлашма иштирокчи мамлакатлари парламентлари ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очганини, республиканинг бошқа давлатлар билан кўп томонлама ва самарали ҳамкорлиги, шу жумладан парламент алоқалари сезиларли даражада кенгайиб бораётганини таъкидлади.

«Сенат Раиси МДҲ ПА иштирокчи давлатлар парламентлари олдига қўйилган ҳамда хавфсизликни таъминлашга, барқарор ривожлантиришга ва халқлар равнақига қаратилган вазифаларни амалга ошириш учун ноёб майдон эканини таъкидлади.

Ассамблея иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга фаол ва самарали кўмаклашибгина қолмай, жаҳон парламентаризми тизимида муносиб ўрин эгаллаши, мамлакатларга хос бўлган парламентаризм принципларини тарғиб қилишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

ПА вазифаларини бажариш мақсадида ишларни биргаликда давом эттиришга тайёрлик билдирилди. Парламентлараро Ассамблеянинг кун тартиби ҳар доим ҳам анча кенг қамровли бўлиши, кўриб чиқилаётган масалалар эса барча мамлакатлар учун долзарб аҳамият касб этиши, шунингдек улар мазкур мамлакатлар қонунчилик базасини такомиллаштиришга, парламент аъзолари ўртасида тажриба алмашишга, ПА халқаро нуфузини янада оширишга кўмаклашиши таъкидланди.

Шуни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон МДҲ Парламентлараро Ассамблея доирасида долзарб муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, ўзаро ишонч ва англашувни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун ўз олдига аниқ мақсадларни қўйиши қайд этилди.

Ёшлар ҳаракати, туризм, экология, ахборот технологияларини ривожлантириш ва бошқа масалаларни амалга ошириш бўйича ПАнинг модель қонун ҳужжатларини, ташаббусларини шакллантириш амалиёти қўллаб-қувватланиши билдирилди.

Олий Мажлис Сенати Раиси Ўзбекистон охирги йилларда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзининг янги ички ва ташқи сиёсатини муваффақиятли амалга ошираётганини таъкидлади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда мамлакат парламенти муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, парламент дипломатиясига, икки томонлама ва кўп томонлама парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Ўзбекистон 2020 йилда Ҳамдўстликда раисликни қабул қилишга ва МДҲнинг навбатдаги саммитини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу борада шу йил октябрь ойида Ашхобод шаҳрида ўтказилган МДҲ саммитида Ўзбекистон белгилаб берган устуворликлар ҳисобга олинган ҳолда Раислик қилиш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича Тадбирлар режаси тайёрланди ва тасдиқланди.

Устуворликлар Ҳамдўстликни ривожлантиришга ва унинг халқаро нуфузини янада оширишга, шунингдек хавфсизлик, савдо-иқтисодий алоқалар ва ишлаб чиқариш кооперацияси, транспорт коммуникациялари ва логистика, фан ҳамда техника, инновациялар, маданият, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда аъзо давлатлар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган долзарб муаммоларни ҳал этишни назарда тутиши таъкидланди.

Бу устувор йўналишларни амалга оширишга қаратилган ишлар МДҲ ПА доирасида фаол ва самарали ўзаро ҳамкорлик олиб боришни назарда тутиши қайд этилди.

Шу муносабат билан Танзила Норбоева Ўзбекистон МДҲда раислик қилиши доирасида ПАнинг мажлисларидан бирини мамлакатимизда ўтказишни таклиф қилди.

Сенат Раиси ўз нутқида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи тараққийпарвар инсоният билан бирга Иккинчи жаҳон урушида фаол иштирок этганини, фашизм устидан қозонилган Буюк ғалабага муносиб ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқди, Ўзбекистон президентининг Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу қарор ушбу муҳим воқеани ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурини ўз ичига олади.

Тошкент шаҳрида «Матонат мадҳияси» хотира мажмуаси билан бирга Ғалаба боғининг қурилиши ёрқин тадбирлардан бири ҳисобланади. Бу ва бошқа тадбирлар нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲнинг барча мамлакатларида ёш авлодни ватанпарварлик, дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлаш руҳида тарбиялаш учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Сенат Раиси Парламентлараро Ассамблея ялпи мажлисида қабул қилинган қарорлар МДҲ ПА доирасида Ўзбекистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлишига ишонч билдирди», дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот хизмати хабарида.

Мавзуга оид